Остона ШҲТ саммитини ўтказишга тайёр

3 ва 4 июль кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Унда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли долзарб масалаларини кўриб чиқади.

 “Kazinform” агентлиги пойтахт муҳим тадбирга қандай тайёргарлик кўрганлиги ҳақида фоторепортаж тайёрлади.

Саммит очилиши арафасида Остона халқаро дипломатиянинг ҳақиқий марказига айланди. Пойтахт аэропорти ҳудудидан бошлаб барча жойда пухта тайёргарлик кўрилаётгани кўзга ташланади. Меҳмонларни кутиб олиш учун бу ерда ШҲТ рамзлари ва табрик ёзувлари туширилган катта баннерлар тайёрланиб, тантанавор муҳит яратилди.

Аэропорт ШОС

Саммитга ташриф буюрадиган президентлар ва ҳукумат раҳбарлари делегациялари учун қулайлик яратиш мақсадида, саммит давомида пойтахт аэропорти ва вокзалларида кечаю кундуз кучайтирилган режим жорий этилди. Шаҳарни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган: барча йўллар пухта таъмирланиб, марказий кўчалар бўйлаб дарахт кўчатлари, гул ва буталар экилди.

Саммит ўтказилиш жойи сифатида бинонинг ўзи ва унинг атрофидаги ҳудуд - Қозоғистон пойтахтининг рамзларидан бири ҳисобланмиш Мустақиллик саройи бежиз танланмади. Сарой кўп йиллар давомида турли форматдаги муҳим давлат ва халқаро тадбирларни ўтказиш жойи бўлиб келган.

аэропорт

Мустақиллик саройи рўпарасидаги Тинчлик ва ҳамжиҳатлик саройи биносида жаҳон агентликлари журналистлари учун матбуот маркази жойлаштирилгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Саммитнинг юксак мақоми инобатга олиниб, полиция ходимлари кучайтирилган хизматга ўтказилган. Бундан ташқари, саммит давомида пойтахт устидаги ҳаво чегаралари хавфсизлиги кучайтирилади.

Монумент Независимости, дороги, ШОС

Делегацияларнинг махсус колонналари ўтиш вақтида пойтахтнинг асосий кўчаларида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади. Шу билан бирга, фуқароларга қулайлик яратиш ва транспорт тирбандлигининг олдини олиш мақсадида ҳокимлик давлат органлари ва бошқа секторларга 2-4 июль кунлари ходимларининг 70 фоизигача бўлган қисмини масофавий иш форматига ўтказиш тавсия қилинди. Пойтахт халқаро аэропортида бу кунларда рейсларнинг жўнаш ва қўнишлари одатдагидек амалга оширилади.