Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўз бойликларини вилла ва яхталардан кўра хайрия ишларига сарфлайдиган миллионерлар

Forbes мунтазам равишда рейтингининг биринчи қаторларида жойлашган таниқли молиячилар, инвесторлар, тадбиркору сиёсатчилар, Голливуд актёрлари, олигархлар ва уларнинг саноқсиз бойликлари ҳақида гапиради. Уларнинг кўпчилиги фақат ўз манфаатини кўзламай, хайр-саховат орқали атрофдагилар ҳаётини ўзгартириб келмоқда.
Бугун машҳур саховатли бойлар ва уларнинг беғараз ёрдами ҳақида билиб оламиз.
Билл Гейтс ва унинг Microsoft IT-гиганти бутун дунёни забт этиб олди. Ер юзида бу одамдан бадавлат фақат бир неча ўнта давлат бор. Унинг имкониятлари деярли чексиз. Бироқ, ёрдам бериш истаги, куч ва қобилиятга эга Гейтс атрофда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ эмас ва жамият фаровонлиги учун жуда кўп пул ажратади.

Билл ва унинг турмуш ўртоғи Мелинда Гейтс жамғармаси 20 йил давомида 53,8 миллиард доллар ажратди. Пулларнинг энг катта - 45 фоиз улуши глобал ривожланиш мақсадга эришишга, 29 фоизи – соғлиқни сақлашга, 16 фоизи - Америка Қўшма штатларидаги таълим дастурлари учун ва яна 10 фоизи бошқа хайрия мақсадларига қаратилган.
Голиввуд актрисаси Анжелина Жоли нафақат бадавлат, балки меҳрибон қалб эгаси ҳам. Ўзининг гўзаллиги ва истеъдоди билан бирга у жуда олийҳиммат ва қаҳрамонлик намунасидир. Чунки даромадининг деярли учдан бир қисмини хайрия ишларига сарфлайди.



Актрисанинг олти фарзандидан учтаси – қизи Эфиопиядан, ўғиллари эса Комбоджа ва Вьетнамдан асраб олинган. У БМТнинг яхши ният элчиси ва учинчи дунё мамлакатлари болаларига ёрдам берувчи Jolie/Pitt Foundation фондининг асосчиси. Фонд пуллари дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва болалар учун зарур бўлган ашёларни сотиб олишга сарфланади.

Рақамларга келадиган бўлсак, у қочқинлар лагерлари бўйлаб қилган биринчи сафаридан сўнг Қочқинлар комиссиясига 1 миллион доллар эҳсон қилди. 2003 йилда актриса Комбоджанинг ғарбий қисмида 60 минг гектар ерни сотиб олиб, уни миллий боғга айлантирди ва шу билан ҳалокатли ҳудуддаги қишлоқларни қўллаб-қувватлади. 2005 йилда Жоли-Пит оиласи Катрина тўфони қурбони Янги Орлеандаги уй қурилишига 8,4 миллион, 2010 йилда Гаитидаги зилзила қурбонларига 1 миллион доллар сарфлаган. Бу бир нозик аёлнинг шафқатсиз дунёга қилган ёрдамининг кичик бир қисмидир.

Уоррен Баффетт нафақат ўз тадбиркорлигини ривожлантириш, балки саховат ишларига ҳам фаол сармоя киритадиган корчалон. Билл Гейтс таъсири остида у жаҳон хайр-эҳсон ҳаракатининг асосий қаҳрамонларидан бирига айланган.



Баффетт аллақачон ўз компаниясининг барча акцияларини хайрия ишларига бериш ҳақидаги ваъдасининг 50 фоизини бажарганини айтди. Ҳадя қилган қимматли қоғозларининг қиймати 100 миллиард долларни ташкил этади – 90 ёшли миллиардерда яна худди шу миқдордаги акциялар қолган.
Хайр-саховат тўғрисида шунчаки “Албатта, муҳтожларга ёрдам қилиш жуда осон иш. Агар қўлингиздан келадиган бўлса, унда ҳозироқ бошланг! Бу ишингиз билан сиз ота-онадан етим қолган болаларга, қаровсиз қарияларга ва ҳатто дайди ҳайвонларга ғамхўрлик қилишингиз мумкин. Бунинг учун эса катта бойлик ҳам керак эмас”, дейиш мумкин.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.