“Ўзбек жанг санъати” 10 ёшда

Самарқанд шаҳридаги спорт якка кураши турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида “Ўзбек жанг санъати” федерацияси ташкил топганининг 10 йиллиги муносабати билан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.

Маросимнинг очилишида сўз олган “Ўзбек жанг санъати” федерацияси раиси П.Усманов, вилоят федерацияси фахрий раиси Ф.Тошев Самарқандда ушбу спорт турида кўплаб чемпионларнинг етишиб чиқаётгани, кейинги пайтда энг чекка қишлоқларда ҳам спортнинг бу турига қизиқувчилар ва шуғулланувчилар сонининг кўпайиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда бу спорт турига яқиндан ёрдам бериб келаётган ва ҳамкорликда ишлаётганларнинг бир гуруҳи федерация томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида 7 ёшдан 25 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида вилоят чемпионати ҳам ўтказилди. Унда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан 200 га яқин ёш спортчилар “шахсий беллашув”, “шахсий комплекс машқ” ҳамда “жамоавий кўргазмали чиқиш” бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Ургутликлар иккинчи ва Самарқанд тумани жамоаси учинчи ўрин билан кифояланди.

Маълумот ўрнида: “Ўзбек жанг санъати” билан вилоятимизда 10 йил олдин 300 нафар ўғил-қиз шуғулланган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 1230 нафарга етди. Уларнинг 100 дан ортиғи республика, 30 га яқини жаҳон ва Осиё чемпионати ғолиблари ҳисобланади. 

Ҳусан ЭЛТОЕВ.