Ўзбек тили ривожи учун қачон қайғурамиз?

Нега баъзи мамлакатлар мигрантлар ва бошқа мақсадларда юртига келган фуқароларга ўз тилини ўргатмасдан ишга ёки ўқишга қабул қилмайди? Бизда эса хориждан келиб мамлакатимиз олийгоҳларида таҳсил олаётган талабалардан ўзбек тилини билиш даражасини билдирувчи сертификат талаб қилинмайди?

Очиғи, бугунги глобаллашув даврда давлатлар ўртасида тилларнинг яшаб қолиши, ривожланиши, халқаро миқёсдаги мавқеини сақлаб қолиш учун кураш кетмоқда. Яъни, мамлакатлар ўз она тилини дунёга кенг ёйилиши учун турли стратегик йўллар билан ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Жанубий Кореяга кўпчилик ишга ёки ўқишга боришни истайди. Бироқ ушбу мамлакат хорижликларни аввал корейс тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича халқаро имтиҳондан ўтказиб, “ТOPIK-I, II, III” даражаларини ўзлаштиргандан кейин ишга ёки ўқишга рухсат беради. Бундай тартиб Германия ва бошқа давлатларда ҳам бор.

Хўш, бизда-чи? Хориждан келиб олийгоҳларимизда таҳсил олаётган талабалардан ўзбек тилини билиш ҳам, унга доир ҳужжат ҳам сўралмайди? Aксинча, бунинг ўрнига хорижий талабаларга дарс бериш учун инглиз ёки бошқа тилни биладиган ўқитувчи излаймиз. 

Туркияда ҳам худди шундай тартиб бор ва тилга бўлган ҳурмат жуда юқори. Ушбу мамлакатда олиб борган тадқиқот ва изланишларим давомида бунга амин бўлганман. Турк тилини ўрганмасангиз, ҳеч қандай таълим муассасаларида ўқий олмайсиз. Бизнес соҳасидаги шартномалар мутлақо турк тилида бўлиши талаб этилади. Ёки кишиларнинг ўзаро мулоқотларида, телевидение, сериаллар, рекламалар, умуман, ижтимоий ҳаётда тилга бўлган ҳурмат, қонун устуворлиги сезилиб туради. Мисол учун, радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари биринчи ўринда адабий тил софлигига эътибор қаратилади. 

Aфсуски, ўзимизда радио ва телевидениеларда эфирга берилаётган кўрсатув ва сериалларда адабий тил софлигига путур етмоқда. Яъни, аксарият кўрсатув, киноларимизда Тошкент шеваси адабий тил меъёрига айлантирилган. Айниқса, сўзларни бузиб талаффуз қилиш ҳолатлари кўпайган.

Пешлавҳалардаги ёзувлар, реклама ва баннерларни айтмаса ҳам бўлади. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги юзлаб рекламалар ва афишаларни қонун талабларига жавоб бермаслигини кўришимиз мумкин. Шаҳар кўчаларидаги исталган савдо объектлари рус, инглиз, турк, француз ва ҳоказо тиллардаги ажнабий ёзувларга бурканган. 

Ваҳоланки, 2022 йилнинг сентябридан кучга кирган янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги рекламаларнинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши” белгилаб қўйилган. 

Бугун ёшларда чет тилларни ўрганишга иштиёқ кучли. Сабаби, чет тилини яхши билган ўқувчи мактабни тугатмасданоқ хорижий олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга киряпти ёки тест синовларида чет тилини билиш даражаси бўйича халқаро сертификатга эга абитуриентларга ўша фандан юқори балл бериляпти. 

Кейинги йилларда бу жараён ёшлар ўртасида жуда оммалашиб кетди. Айтиш жоизки,  бу ўринда ҳам ўзбек тилига эътибор сусайгандек. Хўш, нега бизда давлат тилини билиш даражаси учун бундай имтиёз йўқ? Тўғри, мамлакат тараққиёти, фан-техника учун хорижий тилни билиш зарур. Лекин кейинчалик ўзбек тилини билмайдиган, менсимайдиган авлодлар пайдо бўлиши мумкин. Ахир ҳар биримиз аввал ўзимиз туғилиб ўсган она тилимизни, кейин бошқа тилларни ўрганишимиз керак эмасми?

Кейинги йилларда тилимизга турли соҳаларга тегишли хорижий терминлар кириб келди. Масалан, контент, перевод, кредит, ваучер, тютор ва ҳоказо. Бу сўзлар тилда салбийликни келтириб чиқармоқда. Масалан, тўрт йилдан бери мамлакатимиз олий таълим муассасаларида “тютор” сўзининг қўлланилиш кўлами кенгайиб кетди. Бу эса унинг муқобили бўлган “устоз”, “тарбиячи”, “маърифат етакчиси”, “гуруҳ мураббийи” каби ўзбекча сўзларнинг қадрсизланишига ва йўқолишига сабаб бўлмоқда.


Табиийки, бундай ҳолатларни кузатиш натижасида савол туғилади. Нега тилимизга янги сўзлар кириб келиши билан уни ўз ҳолича қабул қиламиз, муқобилини ишлаб чиқмаймиз ёки сўзнинг муқобили тилмизда бўла туриб қўлламаймиз?

Хўш, бугунги кунда ўзбек тилини ривожлантириш, халқаро миқёсдаги мавқеини ошириш учун нималар қилиш керак? Бу борада таклифларим билан ўртоқлашаман.

Биринчидан, тилга,аввало, она тилига бўлган муҳаббатни, ҳурматни оилада, кейин таълим муассасаларида шакллантириш, ёшларнинг онгига миллий қадрият ва миллий ғурур тушунчаларини сингдириш ва таълим муассасаларида дарсларни ўзбек адабий тили меъёрларига риоя қилган ҳолда олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, бугун ҳар қандай тилнинг луғат бойлигини интернет, турли дастур ва сунъий интеллект орқали таржима қилиш мумкин. Шу боис ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган “миллий терминология”, “социолингвистика”, “компьютер лингвистикаси” соҳаларни янада кучайтириш зарур. Бунинг натижасида четдан кириб келаётган сўзларнинг муқобил вариантлари ишлаб чиқилади, ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган дастурлар такомиллаштирилади, таржимон дастурларида ва мулоқот жараёнида бир сўзнинг турли услубий маънолари кўрсатиб берилади.

Учинчидан, кейинги йилларда мамлакатимизда умумтаълим муассасаларида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларига она тили бўйича миллий сертификат ва уни қўлга киритган педагогларга 50 фоиз устама тўлаш жорий қилинди. Ушбу тажриба олий таълимда таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўртасида ҳам қўлланилса яхши бўларди. Масалан, ўзбек тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эга хорижлик талабаларнинг барча таълим муассасаларида тўлов-шартномасига 50 фоиз чегирма белгилаш ёки имтиҳонни ўзбек тилида топшириш каби ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсадлар белгилаб олиш керак.

Тўртинчидан, Ўзбекистон билан ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган хориж мамлакатларининг олий таълим муассасалари қошида ўзбек тилини ва маданиятини, ўргатишга, тарғиб қилишга ихтисослашган “Ўзбек тили марказлари” очиш лозим. Бунда Туркия тажрибасидан фойдаланиш мумкин.

Ихтиёр ЁҚУБОВ, 

Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.