Ўзбекистон – CNNнинг саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар рўйхатига киритилди
CNN Травел сайтида Ўзбекистон бутун дунё сайёҳларига ташриф буюриш учун энг яхши давлатлар рўйхатига киритилгани ҳақида маълумот эълон қилинди.
Мақола муаллифи Ипак йўли ва Ўзбекистоннинг аҳамиятини яхшироқ тушуниш учун Самарқанд, Бухоро ва Хивага ташриф буюриш кераклиги қайд этган.
Шунингдек, UNWTO томонидан 2023 йилда «Энг яхши туристик қишлоқлар» рўйхатига киритилган Ўзбекистоннинг Сентоб қишлоғи сайёҳларда қизиқиш уйғотиши мумкинлиги айтилган. У табиат, органик озиқ-овқат ва эко-тоғ туризмига эътибор қаратган ҳолда эътироф этилган.
«86 давлат фуқароларига визасиз киришни таъминлаган Ўзбекистон ташриф буюрувчиларни ўзининг чиройли ландшафтлари ва яхши сақланган меъморчилиги билан қойил қолдиришга тайёр», дейилади мақолада.
Ташриф учун энг яхши давлатлар рўйхатига Сингапур, Испания, Индонезия, Ангола, Корея ва бошқа бир қатор давлатлар киритилган.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиёдан ушбу рўйхатга киритилган ягона давлатдир.