Ўзбекистон делегацияси пахта иши бўйича Брусселда ўтадиган форумда иштирок этади

2019-йилнинг 1-3-апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзбекистон ипаги” уюшмалари ва Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарларидан иборат Ҳукумат делегацияси амалий ташриф билан Европа Иттифоқи пойтахтида бўлади.

Бу ҳақда Ташқи Ишлар вазирлиги сайти хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси маълумотларига кўра мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига масъул мамлакатимиз Ҳукумати вакиллари Брюссель шаҳрида “Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қандай барҳам бермоқда” мавзусидаги мунозара форумида иштирок этади.

Мазкур тадбир Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Ўзбекистон, Америка Қўшма Штатлари ва Швейцария элчихоналари томонидан ташкиллаштирилмоқда. Форум ишида Европа комиссияси, халқаро нодавлат ташкилотлар вакиллари, меҳнат ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари, пахта ишлаб чиқаришда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши бўлган турли компаниялар иштирок этади.

Ташриф дастуридан Европа Иттифоқи, Белгия Қироллиги, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлари, Европанинг йирик ишлаб чиқарувчилари, ритейлерлари ва касаба уюшмалари бирлашмалари ҳамда етакчи Европа брендлари вакиллари билан учрашувлар ўрин олган.

Ҳукумат делегацияси Касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси бош котиби Шаран Барроу, “Human Rights Watch” халқаро ноҳукумат ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар вакиллари билан ҳам музокаралар олиб боради.

Эслатма: Айнан шу делегация 4-6 февраль кунлари АҚШга ташриф буюриб, ўзбек пахтасини "болалар меҳнати билан етиштириладиган маҳсулотлар" рўйхатидан ўчириш бўйича музокаралар ўтказган эди. Ўша музокараларнинг самараси ўлароқ АҚШ яқинда ўзбек пахтасини "болалар меҳнати билан етиштириладиган маҳсулотлар" рўйхатидан ўчирган эди.