Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербургда 16-қаватдан тушиб кетиб ҳалок бўлди
Санкт-Петербург шаҳри Приморье туманида Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонадан олинган маълумотга кўра.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси қурилаётган объектнинг 16-қаватидан тушиб кетган. Айни пайтда тергов тадбирлари ўтказилмоқда.
Бош консулхона маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда ватандошимизнинг жасадини юртга юборишга оид консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимолий-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненетс автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.