Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқи​

Ассалому алайкум, муҳтарама опа-сингиллар!

Ҳурматли дўстлар!

Бугун мана шундай дилбар, қутлуғ баҳор айёмида сиз, мунис оналаримиз, ҳурматли опа-сингилларимиз, сулув қизларимизни ўзларингиз каби гўзал байрамингиз – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон хотин-қизларини табриклаб, барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман.

Қадрли юртдошлар!

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, “Меҳр – ҳаётнинг устуни”, деган сўзларда чуқур маъно ва мазмун мужассам.

Бу ҳақда гапирганда, муқаддас она, аёл зоти – чинакам меҳр булоғи, меҳр қуёши, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Шу қуёш бор экан, меҳр-оқибат, эзгулик ва адолат, вафо ва садоқат каби буюк қадриятлар неча асрлардан буён безавол яшаб келмоқда. 

Шу боис бугунги қувончли айёмда аввало дунёда “фидойи” деган сўзга энг муносиб бўлган Она сиймоси олдида таъзим қиламиз. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз.

Ер юзида сўз ва соз санъати, шоиру ҳофиз, рассом ва ҳайкалтарош пайдо бўлибдики, она ва аёл зоти юксак пардаларда тараннум этиб келинади. Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганларидек, “Оламда аёл мадҳига достон тугамайди”. Чунки, аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади. 

Бизга мана шу ёруғ, гўзал оламни янада гўзал ва ёруғ қилиб турганларингиз учун катта раҳмат сизларга!

Биз – Ўзбекистоннинг мард ўғлонлари, эр йигитлари сиз, азизларга бўлган ҳурматимиз, меҳр ва муҳаббатимизни оилаларимиз, эл-юртимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилишга қаратилган амалий ишларимиз билан изҳор этишга интилмоқдамиз. 

Биз халқимиз розилигини аввало, сиз, муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизнинг розилиги деб тушунамиз. Сизларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли бўлиб яшашинѓизни амалга ошираётган барча-барча ислоҳотларимизнинг асосий мақсади ва мезони деб биламиз. Бу йўлда эришган натижаларимиз фақатгина биринчи қадамлар бўлиб, сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, дуоларингиз, ҳеч шубҳасиз, бизга чексиз куч-ғайрат бағишлайди. 

Қадрли опа-сингиллар!

Маълумки, ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Лекин сизларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнатингиз, фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларингизни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, жамиятдаги ўрнингиз, Ўзбекистонимиз эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссангизни ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоиздан зиёдни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоиздан ортиқни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда. Ва сизларнинг сидқидилдан қилаётган меҳнатларингиз давлатимиз, халқимиз томонидан муносиб тақдирланмоқда. 

Мустақиллик йилларида 2 минг 180 нафардан ортиқ хотин-қизларимиз юксак давлат мукофотларига сазовор бўлгани ҳам шундан далолат беради. Уларнинг орасида ўнлаб Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Фан арбоблари, Халқ ўқитувчилари, Халқ шоирлари, Халқ артистлари борлигини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. Бугунги даврамизда турли жабҳаларда астойдил меҳнат қилаётган ана шундай жонкуяр, оқила, меҳр-оқибатли аёлларимизни, уларнинг давомчилари бўлган истеъдодли қизларимизни кўриб турганимдан хурсандман. Уларнинг барчаси Ўзбекистон инсоний салоҳиятининг олтин фондини ташкил этади, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. 

Мамлакатимиз тараққиётини янги, янада юксак босқичга кўтариш йўлидаги самарали меҳнатингиз, эзгу фазилатларингиз билан ҳаммага ўрнак бўлиб келаётганингиз учун сизларга ўз номимдан, кўпмиллатли бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли юртдошлар!

Барчангизга маълумки, биз “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармонини қабул қилдик. Ўтган қисқа даврда ушбу фармон доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони, 2 та қарори, ҳукуматимизнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди.

Ана шу ҳужжатлар асосида илгари имкониятлари чекланиб, фаолияти сусайиб қолган Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари бутунлай янги асосда ташкил этилди.

Уларга қўшимча ваколат ва имкониятлар берилиб, самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилди. Ҳозирги кунда ушбу тизимда катта билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган 10 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз хизмат қилмоқда.

Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлимлари қошида “Ҳуқуқшунос аёллар”, “Илм-фан ва аёл”, “Ижодкор аёллар”, “Ташаббускор аёллар”, “Аёл ва саломатлик”, “Фахрий аёллар” жамоатчилик уюшмалари ташкил этилди. “Йил аёли”, “Ибратли оила” танловлари ўтказилмоқда. Энг асосийси, амалга оширилган ана шундай муҳим чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва юртимиздаги сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилиб, 3 мингга яқин етакчи хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилгани эътиборга лойиқдир. Айни вақтда ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш тизими яратилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда хотин-қизлар ҳаракати катта салоҳият ва истиқболга эга эканини кўрсатади. 

Хабарингиз бор, бу йил юртимизда миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Ана шу сайловларга аёлларимиз ҳам катта тайёргарлик кўрмоқда.

Шу мақсадда жойларда “Депутатликка старт” акциялари ташкил этилаётганини биз албатта қўллаб-қувватлаймиз.

Сизларга маълумки, ҳозирги пайтда мамлакатимиз депутатлар корпусининг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Ўтган икки йиллик тажрибамизни, аёлларнинг сиёсий онги ва савияси ошиб бораётганини инобатга олиб, бу рақамни анча кўпайтирсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади.

Хотин-қизлар қўмитасининг халқаро фаолияти ҳам кучайиб бормоқда. Масалан, янги тузилган Ўзбекистон ихтирочи аёллари маркази ташаббуси билан юртимиз олималари ўтган йили Корея Республикасида ташкил этилган халқаро форумда муносиб иштирок этдилар. 

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги даврамизда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Франция Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор, Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатимиздаги турли ваколатхоналарининг раҳбарлари бўлган Ашита Миттал, Миеко Ябута, Лиан Куппенс, Мария дель Пилар Алварез-Ласо хонимларни кўриб турганимиздан ғоят мамнунмиз.

Мамлакатимиз билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган ана шу ҳурматли меҳмонларимизни Халқаро хотин-қизлар куни билан қутлаб, эзгу тилакларимизни билдиришга ижозат бергайсиз.

Азиз опа-сингиллар!

Барчангизга маълумки, биз учун меҳр-муҳаббат қўрғони бўлган оила институтини мустаҳкамлаш кейинги пайтда юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ана шу сиёсатни белгилайдиган муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди. Мазкур концепцияни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази қайта ташкил этилди. 

Оила масаласини комплекс ўрганиб, мавжуд ҳолатни таҳлил этиш, мониторинг қилиш ва баҳо беришга, илмий тадқиқотлар орқали оила фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган янги тизим яратилди.

Илгари Адлия вазирлиги тасарруфида бўлган фуқаролик ҳолатига оид ҳужжатларни қайд этиш идоралари туман ва шаҳар ҳокими ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раисига бўйсундирилди. Ҳозирги вақтда улар томонидан оила институтини мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Албатта, бу борада белгиланган чора-тадбирларнинг мазмуни, сифати ва самарасини ошириш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак. Бугунги кунда изчил амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” каби дастурлар айни шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бугун “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзоладим. 

Бу қарорда аёлларнинг меҳнат ва пенсия соҳасидаги ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш бўйича мутлақо янги кафолатлар белгилаб берилмоқда. Аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ва ишга жойлашиш учун уларга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилмоқда. Аёлларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун 100 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағ уларга имтиёзли кредит сифатида берилади. Мазкур маблағларнинг камида 50 фоизи қишлоқ жойларда яшаётган хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун йўналтирилади.

Биз опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бу борадаги эзгу ишларни бундан буён ҳам давом эттирамиз. 

Қадрли юртдошлар!

Халқимизда “Эл соғлиғи – юрт бойлиги” деган мақол бор. Ҳақиқатан ҳам, тинчлик билан соғлиқни асрасак, қолган ҳамма нарсага эришамиз.

Бу масалада ҳурматли аёлларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 

Ҳозирги пайтда барча ҳудудларимизда перинатал, скрининг, репродуктив саломатлик ва диагностика марказлари фаолият кўрсатмоқда. Туғруқ бўлимлари, кўп тармоқли поликлиникалар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари сони ортиб бормоқда. Ушбу тиббиёт масканларида аёллар ва қизболалар йил давомида чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилиб, уларга доимий патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Бу эса оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун замин яратиши шубҳасиз.

Хотин-қизларда учрайдиган касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш ишлари самарали ташкил этилаётгани туфайли аёллар ўртасида касалликлар қарийб 2 баробар, оналар ўлими 3 марта, гўдаклар ўлими эса салкам 4 марта камайди. Ўтказилган скрининг текширувлари натижасида 2018 йилда 5 минг нафар чақалоқда оғир нуқсонлар билан туғилиш хавфи бартараф этилди.

Ўтган йилдан бошлаб биз бу борада яна бир катта ишни бошладик. Яъни, барча шаҳар ва туманлар, айниқса, узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги марказий поликлиникалар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари қошида аёллар учун маслаҳатхоналар ва болалар саломатлик марказлари ташкил қилинмоқда. 

Яхши биласизлар, мен “Боғчага борган бола билан боғчага бормаган боланинг ўртасида катта фарқ бор”, деган фикрни, ҳаётий ҳақиқатни такрор-такрор айтишдан, уни ҳамма жойда даъват қилишдан чарчамайман. Ўтган даврдаги икки йиллик тажрибамиз ва жойларда аҳоли билан олиб бораётган мулоқотларимиздан келиб чиқиб, ана шу фикрга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Боғчага борган боланинг онаси билан боғчага бормаган боланинг онаси ўртасида ҳам катта фарқ бор”. Чунки ҳар куни тарбиячилар, педагог мутахассислар, психологлар, тиббиёт ходимлари билан мулоқотда бўлиб, боласидаги ижобий ўзгаришларни кўриб, оналарнинг ҳам билими, ҳаётий тажрибаси, маданий савияси ошади. Болалари билан бирга улар ҳам ижтимоий-маънавий тарбия муҳитига, жамиятга яқинлашади, фаоллашади. Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, биз мактабгача таълим соҳасига улкан эътибор бермоқдамиз. 

Ўйлайманки, меҳрибон оналар, бувижонлар сифатида бунинг аҳамиятини сизлар ҳаммадан кўра кўпроқ тушунасизлар.

Бугунги кунда мамлакатимизда 7 минг 104 та мактабгача таълим маскани фаолият кўрсатмоқда. Кейинги 2 йил давомида 2 минг 211 та янги боғчалар ташкил этилиб, уларга қўшимча 243 минг бола қабул қилинди. Бошқача айтганда, юртимизда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси сўнгги бир ярим йилда 12 фоизга ошиб, 38 фоизни ташкил этмоқда. 

Биз яқин 4-5 йилда юртимиздаги боғча ёшидаги барча болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш вазифасини ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу – бизнинг аёлларимиз, болаларимиз олдидаги қарзимиз, керак бўлса, келажак олдидаги муқаддас вазифамиз ва биз уни албатта адо этамиз. 

Олий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда Жанубий Корея, Буюк Британия, Россия, Ҳиндистон, Италия, Сингапур, Латвия каби давлатларнинг 14 та университет ва институтларининг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, вилоятларда ташкил этилган республика олий ўқув юртларининг 23 та бўлими ҳам иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда юртимиздаги олий таълим масканларида 373 минг 500 га яқин ёшларимиз таълим олмоқда. Улардан 168 минг 470 нафарини, яъни, 45,1 фоизини қизлар ташкил этиши алоҳида эътиборга лойиқ. 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари! 

Мамлакатимизда болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича эришилаётган натижалар нафақат юртимиз аҳолиси, балки халқаро ҳамжамият, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Бу борада баъзи мисолларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Охирги икки йилда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредитлар ажратиш ҳажми 2 баробар оширилди. 

Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, агар 2014-2016 йилларда тижорат банклари томонидан хотин-қизларга тадбиркорлик учун жами 3 триллион 800 миллиард сўм кредит ажратилган бўлса, биргина 2018 йилнинг ўзида эса бу кўрсаткич 3 триллион 361 миллиард сўмни ташкил этди.

Ўйлайманки, мана шу рақамларнинг ўзи ҳам кўп нарсадан далолат беради. 

Бундан ташқари, янги ташкил этилган Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан йиллик тўлови 7 фоиз бўлган имтиёзли кредитлар бериш тизими жорий этилди. Бу мақсадлар учун ўтган йили 50 миллиард сўм ажратилди. Бу эса аёлларнинг оиладан, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда, ҳунармандлик, касаначилик, томорқа хўжалиги билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиб беришга хизмат қилади.

Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан жойларда 2018 йилда 2 мингдан зиёд кичик цех ташкил этилиб, 18 мингга яқин хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорликда “Устоз-шогирд” тизими асосида ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда бу тажрибани барча ҳудудларда қўллаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳудудларда зўрликдан жабр́ кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича 155 та марказ, “Ишонч телефонлари” ташкил этилди.

Хабарингиз бор, ўтган қисқа даврда юртимизда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали тизим яратилди. Ушбу тизим асосида 2018 йилда 47 минг 690 нафардан ортиқ оғир шароитда яшаётган, шунингдек, 13 минг 344 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг муаммолари жойида ўрганилди. 

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ана шундай хотин-қизларнинг 14 минг 750 нафардан зиёдига тиббий ёрдам кўрсатилди, 13 минг 636 нафари ишга жойлаштирилди, 24 минг 660 нафардан ортиғига 21 миллиард 540 миллион сўмга яқин моддий ёрдам берилди. Шу тоифага мансуб, уй-жойга эҳтиёжи бўлган опа-сингилларимизга 4 мингга яқин арзон уй-жойлар топширилиб, давлат томонидан уларнинг бошланғич бадаллари тўлаб берилди. Ана шу турар-жойлар атрофида тикувчилик цехлари ташкил этилиб, қарийб 1 минг нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. 

Биз бу ишларни бундан буён ҳам албатта изчил давом эттирамиз. Жумладан, 2019 йилда 1 минг 576 нафар шароити оғир хотин-қизлар уй-жойлар билан, шу тоифага мансуб 13 минг нафардан зиёд қизлар иш билан таъминланади. 

Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан оғир шароитда яшаётган, ногиронлиги бўлган 1 минг 460 нафардан зиёд хотин-қизларга арзон уй-жойлар учун 54 миллиард 580 миллион сўмдан ортиқ бошланғич бадаллар тўлаб берилди. 

Албатта, ҳақиқатан ҳам кўмакка муҳтож бўлган бундай аёлларга кейинги 10 йилда арзон уй-жойлар берилганини ҳеч ким эслай олмаса керак. Чунки бундай тизимнинг ўзи йўқ эди.

Шунингдек, жорий йилда оғир ижтимоий аҳволда яшаётган, ногиронлиги бўлган 15 минг 282 нафар аёлга тиббий ёрдам кўрсатилади. Шу тоифага кирадиган 10 мингга яқин хотин-қиз ногиронлик аравачаси, эшитиш ва ҳаракатланиш воситалари билан таъминланади. 

Аёлларнинг меҳнат ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Лекин ўзининг уй-жойига, иш ўрнига эга бўлган ҳар бир аёлнинг ортида оиласи, фарзандлари, ота-онаси, яқинлари борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қанча хонадонга қувонч киргани, қанча одамнинг руҳи кўтарилиб, уларда ҳаётга, келажакка ишонч пайдо бўлгани биз учун энг муҳим натижадир. 

Муҳтарам йиғилиш иштирокчилари!

Барчангиз яхши биласиз, халқимиз, миллатимиз қиз фарзандларини доимо асраб-авайлаб, меҳр билан вояга етказади.Уларни “она қизим” деб ардоқлайди. Чиндан ҳам, қизларимиз – бизнинг келажагимиз, миллатимиз генофондини асрайдиган, муносиб давом эттирадиган инсонлардир ва уларни жисмоний ҳамда маънавий баркамол этиб тарбиялаш – эзгу бурчимиздир. 

Айниқса, ҳозирги кунда қизларимизга замонавий таълим, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбия бериш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, оилага тайёрлаш ўта долзарб аҳамият касб́ этмоқда. Шу мақсадда барча таълим масканлари ва маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган “Қизларжон”, “Қиз бола ва ёш оила”, “Мустақил ҳаёт остонасида”, “Ораста қизлар” каби клублар фаолиятини реал ҳаётга, ёшларимизнинг орзу-интилишларига янада яқинлаштириш керак, деб ўйлайман. 

Шу ўринда яқинда Наманган вилоятида айтган бир фикримни яна такрорламоқчиман.

Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз – вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан. 

Мен юртимиз ёшлари ўртасида ўтказилаётган “Энг яхши китобхон” кўрик-танловини мунтазам кузатиб бораман. Бу беллашувларда қизларимизнинг энг юқори ўринларни эгаллаётгани уларнинг интеллектуал салоҳият ва тиришқоқлик бобида ҳаммани қойил қолдираётганидан далолат беради.

Шу нуқтаи назардан қараганда, “Қизлар кутубхонаси” номли мобиль илова яратилиб, ишга туширилгани эътиборга лойиқ.

Бугунги кунда буюк шоирамиз Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган қизларимиз сони 283 нафарга етди. Уларнинг кўпчилиги ҳокимиятлар, турли вазирлик, идора ва ташкилотларда, оммавий ахборот воситалари, таълим-тарбия соҳасида муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Бу мукофотнинг энг катта аҳамияти шундаки, унга сазовор бўлган ҳар бир қизимизга юзлаб, минглаб ёшлар ҳавас қилиб, уларга эр́ѓашади. Ёшлар учун ибрат тимсоли – етакчилик, лидерлик тимсоли пайдо бўлади. Энг муҳими, бундай ибрат ўз қизларимиз орасидан, ўзимизнинг маънавий муҳитдан етишиб чиқмоқда. Уларни кўриб, ёшларимизда ўзига, ўз кучи ва салоҳиятига ишонч, келажакка интилиш пайдо бўлмоқда. 

Мана, бугунги даврамизда Зулфия номидаги давлат мукофотининг бу йилги янги совриндорлари ҳам иштирок этмоқда. Бугун сизларнинг ҳузурингизда уларга ана шу мукофотларни тантанали равишда топширамиз.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Барчамиз яхши тушунамизки, биз бундай йиғилишларда нафақат ютуқларимиз ҳақида гапиришимиз, айни вақтда камчилик ва нуқсонларимиз ҳақида ҳам очиқ-ошкора сўз юритиб, уларни ҳал қилиш йўлларини биргаликда излашимиз зарур. 

Такрор айтаман, халқимиз, аввало, сиз, ҳурматли опа-сингилларимиз билан маслаҳатлашиб иш олиб борсак, хато албатта кам бўлади.

Шу маънода, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш масаласи ҳам доимий эътиборимиз марказида туриши лозим. Бу борада, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган шахслар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш масканларидан озод қилинган хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, муқаддам судланган, диний экстремистик оқимга дахлдорликда гумон қилинганлар рўйхатидан чиқарилган 3 минг нафардан зиёд аёл ва нотинч оилаларда яшаётган хотин-қизларга амалий ёрдам беришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Айни вақтда судларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари жамоатчилик асосида ҳимоячи бўлиб иштирок этмоқда. Бундай янги амалиёт натижасида 2018 йилда жиноят содир этган ва ҳуқуқбузарликка қўл урган 893 нафар хотин-қиз кафилликка олиниб, жазодан озод этилди.

Оилавий муаммолар туфайли келиб чиқадиган жиноятларни кескин камайтириш мақсадида 10 минг 14 та нотинч оила билан профилактика ишлари олиб борилди ва 71 фоиз шундай оиланинг нотинчлиги бартараф этилди.

Хотин-қизлар, маҳаллалар, профилактика инспекторларининг ҳамкорликда олиб борган ишлари ва кўрилган чоралар натижасида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик 2018 йилда 34 фоизга камайганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, Олий суд билан Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида меморандум имзоланиб, ажрашиш учун ариза берган шахсларни дастлаб Хотин-қизлар қўмитасида суҳбатдан ўтказиш ва ажрим юзасидан хулосасини олиш йўлга қўйилди. 

Кенг жамоатчилик вакиллари ўзаро ҳамкорликда олиб борган ишлар туфайли 2018 йилда ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг 26 мингга яқини яраштирилди. Энг муҳими, бунинг натижасида 36 минг 500 нафарга яқин бола ота ёки она меҳридан жудо бўлишдан сақлаб қолинди.

Юртимизда тўғри йўлдан адашган инсонлар бўлмаслиги учун бу борадаги ишларни жаҳолатга қарши маърифат асосида изчил давом эттиришимиз зарур.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга, бугун мени эшитаётган барча юртдошларимизга даъват қилиб айтмоқчиман: халқимиз, Ватанимиз тақдири ва келажагига бевосита дахлдор бўлган 

бу масалада ҳеч ким бефарқ бўлиб четда турмаслиги керак. Бу борада нафақат хотин-қизлар қўмиталари, нафақат маҳалла фаоллари, балки барчамиз биргаликда қаттиқ иш олиб борсак, вазият ижобий томонга албатта ўзгаради.

Бу мақсадга эришишда биз хотин-қизларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ечиш, орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор имкониятларини ишга соламиз. Сиз, азиз опа-сингилларимиз бу масалада аввало ўзларингиз ташаббускор бўлиб, фаол иштирок этасизлар, деб ишонаман. 

Муҳтарам дўстлар! 

Сизларга маълумки, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар учун “Мўътабар аёл” нишони таъсис этилган эди. Бу йил 8 март байрами арафасида ушбу мукофот билан 260 нафар опа-сингилларимиз тақдирланди. 

Фурсатдан фойдаланиб, уларни сизларнинг номингиздан, ўз номимдан самимий табриклайман.

Бугунги байрам муносабати билан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги муносиб хизматлари учун хотин-қизларимиздан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида ўзининг ноёб истеъдоди билан Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этган атоқли олимларимиз, шоир ва адибларимизнинг садоқатли умр йўлдошлари ҳам борлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Уларнинг кўпчилиги бугунги даврамизда иштирок этмоқдалар. 

Ҳақиқатан ҳам, ўзининг илмий ва адабий мактабини яратган улкан олим ва ижодкорнинг рафиқаси бўлиш осон эмас. Буни билган билади, билмаганлар билиб қўйса, фақат фойда бўлади. 

Мана шундай меҳрибон, оқила, зукко опа-сингилларимиз ўз умр йўлдошлари – машҳур илм-фан ва адабиёт намояндаларини доимо қўллаб-қувватлаб, уларга илҳом бағишлаб келганлари, маънавий таянч бўлиб, фидойилик намунасини кўрсатганлари ҳар қандай юксак таҳсинга лойиқдир. 

Юксак унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган опа-сингилларимизни, Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган қизларимизни чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги муваффақиятлар, оилавий бахт тилайман.

Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Биз сизларнинг мана шундай очилиб, ҳаётдан рози бўлиб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.

Истаймизки, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин!

Барчангизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.

Иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!

Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!

ЎзА