Ўзбекистон ва Туркия ўрмонлар яратишда ҳамкорлик йўлга қўймоқда

Ўзбекистон Республикаси ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектардан зиёд майдонни эгаллайди, ўрмонларнинг кўп қисми баланд тоғлар ён бағирларида ва водий ҳудудларида жойлашган. Мамлакатда дарахтзорларнинг қарийб 70 тури, буталарнинг 320 тури ва ярим бутали ўсимликларнинг 130 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, 320 дан ортиқ ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик турлари Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) мутахассислари фикрига кўра, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун самарали, хилма-хил ва соғлом ўрмонларни сақлаш жуда муҳимдир. Бунда ҳамкорликни ривожлантириш ва илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш муҳим ўрин тутади.

Туркиянинг ўрмончилик соҳасидаги тажрибаси билан танишиш ва ўрмонларнинг биохилма-хиллигини сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2022 йил октябрь ойи охирида ФАО мутахассислари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Туркияга сафар қилди.  

Ташриф Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Глобал Экологик Жамғармаси молиявий кўмагида амалга оширилаётган ФАОнинг Ўзбекистондаги иккита лойиҳаси – “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” миллий лойиҳаси ҳамда “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси  кўмагида ташкил этилган.  

Анқарада делегациямиз аъзолари ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори Виорел Гуцу билан учрашди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров ФАО томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини юқори баҳолади ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклиф билан чиқди.  

Хусусан, томонлар ўрмон хўжалиги ва биохилма-хилликни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, Глобал Экологик Жамғарма ресурсларини жалб қилган ҳолда Орол денгизи ландшафтларини тиклаш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва кейинчалик амалга ошириш зарурлиги тўғрисида келишиб олишди.  

Бундан ташқари, ФАОнинг Ўзбекистондаги янги ташаббуси - "Ўзбекистоннинг қурғоқчил экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш" лойиҳаси ер ва ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш ва ерлар деградациясининг нейтрал мувозанатини сақлаш учун ландшафтлар тикланишига салмоқли ҳисса қўшишига умид билдирилди.

Сўнгра Ўзбекистон делегацияси III Ўзбекистон-Туркия ўрмон хўжалиги қўшма конференциясида иштирок этди. Туркия томонидан Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Вейсал Тиряки бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари қатнашди. Ўрмон ёнғинларига қарши курашиш, ёнғоқ плантацияларини яратиш, тоғ ўрмонларини барпо этиш, сув омборлари атрофида ўрмон плантацияларини яратиш, ўрмон биохилма-хиллигини сақлаш, шунингдек, ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.  

Учрашув якуни бўйича юқоридаги йўналишларда умумий қиймати 2 миллион долларлик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган. Бундан ташқари, Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг деградация ва эрозияга учраган ўрмонларида тоғ террасаларини яратишни қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 300 минг доллар бўлган 2 та мини-экскаватор берилди.  

Делегациямиз Туркияга ташрифи давомида Элазиг ҳудудида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тоғ ўрмонларини яратишнинг ўзига хос жиҳатлари билан ҳам танишишди. Шу билан бирга, делегация аъзолари кўчатхоналарда кўчат етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш, дарахтлар уруғларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш усулларига алоҳида эътибор қаратди.

Вакилларимиз Кастамону вилояти ўрмонларига ҳам ташриф буюриб, 60 метр баландликда 3 километр узунликдаги экологик сўқмоқ жойлашган Ҳорма каньонида яратилган туристик инфратузилма имконияти билан танишди. Бетакрор табиат манзараси нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига тортади. Ўрганилган тажриба ва янги технология ҳамда кўникмаларни кейинчалик қўллаш Ўзбекистон ҳудудларида ўрмонларни қайта тиклаш, ўрмонзорларни кўпайтириш, туризмни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлади.

ЎзА