Ёзувчи, шоир, таржимон ва олим Муҳаммад Али 80 ёшда 

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али билан ижодий учрашув ўтказилди.

Тадбирда таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди. Самимий, кўтаринки руҳда ўтган ижодий учрашувда сўзга чиққанлар таниқли шоир ва ёзувчи Муҳаммад Али Андижонда туғилиб, айни пайтда пойтахтда яшаётган бўлса-да самарқандликлар билан қалбан бирга эканлиги, бу кўҳна кентга муҳаббати бошқача эканлигини таъкидлашди. Унинг насрдаги дастлабки асари - «Сарбадорлар»,  «Улуғ салтанат» тарихий романи ва бошқа бир қатор асарлари буни исботлайди. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Али таваллудининг 80 йиллиги Самарқандда ҳам кенг нишонланяпти.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг табрик сўзини ўқиб эшиттирди ва адибга ҳокимликнинг эсдалик совғаларини топширди.

Учрашувда ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унинг қаламига мансуб шеърлар ўқилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али таваллудининг 80 йиллигига бағишланган учрашувлар давом этади. Хусусан, эртага Самарқанд горнизони маънавият ва маърифат марказида ҳарбийлар билан ижодий кеча ўтказилиши режалаштирилган.