“Ўзбекистонда инновацион ривожланишни таъминлашнинг устувор йўналишлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Бугун, 29 июнь куни Олий Мажлис Сенати ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда инновацион ривожланишни таъминлашнинг устувор йўналишлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, қўмита эксперт гуруҳи аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда инновацион ривожланишни таъминлашнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган 2022—2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Стратегия Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тасдиқлаш, иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва аҳоли кундалик ҳаётида инновация ва технологияларнинг кенг кириб бориши, миллий иқтисодиётнинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини ошириш, инновация тизимининг ягона циклини яратиш, инсон капитали сифатини ошириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, ёшларнинг ижодий ва инновацион қобилиятларини, инновацион тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, микро ва макро даражаларда инновацион фаолиятни амалга ошириш ва ривожлантириш учун инновациялар соҳасидаги мутахассислар сонини ошириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги илмий салоҳиятини оширишга қаратилган миллий инновация инфратузилмасини шакллантириш ва замонавийлаштириш, инновацияларни кенг жорий этиш орқали бозор талабларига мослаштиришни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, хорижий мутахассисларнинг инновацион ривожлантиришда хориж тажрибаси, соҳа ҳуқуқий асосини такомиллаштириш бўйича тавсиялари, қолаверса, инновацион ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш борасидаги фикрлари эшитилди.
Давра суҳбати якунида инновацион ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар қабул қилинди.