Ўзбекистонлик таҳлилий марказлари вакиллари Озарбайжонда бўлди

Боку шаҳрида мамлакатимизнинг етакчи таҳлилий марказлари – МОХИ, ХААТМ, СМТИ, ММТИ, ИРТМдан иборат Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Иқтисодий тадқиқотлар институти (ESRI) экспертлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги турли соҳалар, жумладан, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ушбу муҳим тармоқларда ҳамкорликни ривожлантириш орқали Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Учрашувда сўзга чиққан Иқтисодий тадқиқотлар институти директорлар кенгаши раиси М.Гумбатов икки томонлама муносабатларнинг бугунги динамикасини ижобий тавсифлади. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Озарбайжонга бўлажак давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларига янги суръат бағишлаши алоҳида таъкидланди.