Паст Дарғомда уй эгаси ва ижарачи ўртасида жанжал келиб чиққан

Ижтимоий тармоқларда “2 нафар қизи бор ҳамшира аёлни уриб судрашгани акс этган видео тарқалди” сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот берилди.

Тасвирлардаги ҳолат 2021 йил 5 февраль куни Паст Дарғом туманида содир бўлган. Келишмовчилик, туманнинг Боғишамол маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган фуқаро Х.Д. ҳамда унинг Алишер Навоий маҳалласидаги уйида ижарада яшаб келаётган, 1983 йилда туғилган Б.С.лар ўртасида содир бўлган.

Фуқаро Х.Д ушбу уйни бошқа бир кишига сотаётганлиги сабабли, ижарачидан уйидан чиқишини сўраган. Б.С. эса ушбу хонадоннинг ижара пулини март ойига қадар тўлаб қўйганлигини, шу сабабли уйдан чиқмаслигини айтган. Оқибатда жанжал юзага келган ва фуқаро Б.С. тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом тумани судига тақдим этилган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.