Паст Дарғомда янги археологик объектлар ва топилмалар аниқланди

Олимлар уларнинг тарихи ва даврини ўрганадими?

Кейинги йилларда туманда турли даврларга тегишли сопол буюмлар, тангалар, қадимий қабртошлар, мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган тепаликлар аниқланмоқда. Буларнинг барчаси ҳудуднинг қадимий шаҳарсозлик анъаналарига бой эканини кўрсатади.

Хусусан, яқинда туманнинг Зармон ва Машъал қишлоқлари ҳудудидаги тепаликларда қадимий шаҳар қолдиқлари аниқланди. Тарихчи Шарифжон Сахатов ва шу туманда яшовчи Акмал Ҳамроев ҳудуддаги тепаликлар тарихини ўрганиш давомида антик даврга оид сопол идишлар ва одам суягининг қолдиқларини топишди.

Ҳудуд Зарафшон дарёси бўйида жойлашгани боис қадимда муҳим савдо ва маданият марказларидан бири бўлган, - дейди А.Ҳамроев. – Буни тепаликдан чиққан топилмалар давридан келиб чиқиб, тахмин қилдик. Яқинда бу ерга Қозоғистон ва Мисрдан келган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва археологлар қизиқиш билдириб, тадқиқотлар олиб борди. Шунингдек, Зармон қишлоғида сомонийлар сулоласининг асосчиси Исмоил Сомоний яшагани ва шу ерда вафот этгани ҳудуднинг қадим тарихга эга эканлигини англатади.

Жумладан, бу ҳақда Наршахийнинг машҳур “Бухоро тарихи” асарида ҳам қайд этилган. Амир Исмоил бемор бўлиб бир қанча вакт ётади. Табиблар: «Жуйи мулиённинг ҳавоси хушрок», деб уни ўзининг хос мулкидан бўлган Зармон кишлоғига олиб борадилар: «Бу ернинг ҳавоси унга мувофикроқ келади», - дейдилар. Амир бу қишлоқни яхши кўрар ва ов қилиш учун ҳамма вақт ўша ерга борарди. У ерда боғ яратган эди. Бир муддат у ерда бемор ётиб, охири икки юз тўқсон бешинчи йили сафар ойининг ўн бешинчисида (907 йил 25 ноябрь) худди шу боғда катта бир дарахт тагида вафот этган.

Бундан кўринадики, Исмоил Сомонийнинг қабри Зармон қишлоғи ҳудудида бўлиши ва кейинчалик хоки амирнинг яқинлари томонидан Бухорога олиб борилган бўлиши мумкин.

Тарихчи Шарифжон Сахатовнинг таъкидлашича, “Зармон” топоними турк-найман қабилаларидаги бешта катта уруғнинг номидан келиб чиққан. Аслида бу ном ҳудуднинг Зарафшон дарёси бўйида, яъни деҳқончилик учун қулай бўлган сувли жойда жойлашганидан келиб чиққан (Зармон – зарли жой маъносида). Зармон билан чегарадош Машъал қишлоғи эса аввал Қизилмаёқ ёки қизилоёқ номи билан аталган шаҳар бўлган. Манбаларда келтирилишича, бу шаҳар савдо-сотиқ йўлида маёқ вазифасини бажарган бўлса, бошқа бир маълумотга кўра, туркманларнинг “қизилоёқ” уруғи қадимда қулоқ қилиниши натижасида шу қишлоққа кўчиб келган ва шу ном билан юритилган. 

- Зарафшон дарёси яқинида жойлашган ушбу ҳудудларда лайлакуйтепа, сариқтепа ва қўрғонтепа тепаликлари мавжуд, - дейди  Ш.Сахатов. - Ўрганиш давомида тепаликлардан топилган сополлар антик даврга, яъни милоддан аввалги IV асрга тегишли экани аниқланди. Ўша даврда ҳудуд шаҳристон бўлган, деҳқончилик, чорвачилик, савдо-сотиқ ва маданий алоқалар ривожланган. Атрофида пишиқ ғиштдан, аркали ерости йўли қурилган. Кейинчалик бу жойлардан ертўла, қабр, сув йўли ёки чиллахона сифатида фойдаланилган.

Туманда 300 дан ортиқ ана шундай археологик ёдгорлик мавжуд. Лекин уларнинг 150 таси маданий мерос рўйхатига киритилган, холос. Кўплаб тепаликларга ном берилмаган, муҳофоза белгилари ўрнатилмаган, объектлар ва топилмаларнинг аниқ даври йўқ. Бунинг устига ҳудудларда аҳоли томонидан чорва молларининг боқилиши, ноқонуний қазишма ишлари олиб бориш ҳолатлари кузатилмоқда.

Археолог-олимлар ушбу ёдгорликларда тадқиқот олиб бориб, ҳудудни очиқ осмон остидаги музейга айлантиришни ўйлаб кўрса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, тепаликларнинг Зарафшон дарёси бўйи яқинида жойлашганини ҳисобга олсак, дарё бўйида дам олиш ва диққатга сазовор масканлар ташкил этиш керак. Бу нафақат зиёрат туризмини ривожлантириш, балки аҳолининг моддий-маънавий ҳаётини бойитишга ҳам хизмат қилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.