Пахтачида қидирувда бўлган оталарга 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман ходимлари томонидан  вояга етмаган, моддий ёрдамга муҳтож фарзандларнинг алимент пулларини ўз вақтида ундириб бериш, тушунтириш ва хулоса чиқармаган қарздорларга нибатан чоралар кўриш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2017 йил 6 январдаги буйруғига асосан қарздор С.С.дан  ундирувчи Д.Х.нинг фойдасига уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Давлат ижрочилари томонидан берилган тушунтиришлар ва огоҳлантиришларга қарамасдан қарздор шу кунга қадар алимент тўлашдан бўйин товлаб келган. Натижада унинг алимент қарздорлиги бугунга келиб 20 миллион сўмга етган. Ўзи эса яшаш жойидан кетиб қолган. Унга нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қарздор С.Султонов Нарпай туманидан қидириб топилиб, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Пахтачи туман маъмурий судига юборилди.

Маъмурий суднинг қарорига асосан қарздор С.С Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2010 йил 13 январдаги буйруғига асосан қарздор Ш.Н ундирувчи Ф.С.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. У ҳам суд томонидан қўйилган талабни бузиб қаергадир ишлашга кетган. Натижада унинг алиментдан қарздорлиги 55 млн. 100 минг сўмни ташкил этган.

 Қарздорга нисбатан қидирув эълон қилиниб, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида у Навоий вилоятининг Учқудуқ шаҳридан топилди. Унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар туман маъмурий судига юборилиб, суднинг қарорига асосан қарздор Ш.Н Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2010 йил 3 июндаги суд ҳужжатига асосан қарздор Ш.Н.дан ундирувчи М.Р.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Унинг қарзи 7 млн. 300 минг сўмни ташкил этган.

Ижро ҳужжати бўйича қарздорга нисбатан қидирув эълон қилиниб, олиб борилган саъй-ҳаракатлар тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қарздор Ш.Н Самарканд шаҳридан топилиб, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар туман маъмурий судига юборилди.

Суднинг қарорига асосан қарздор Ш.Н.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, фуқаро берилган жазодан тегишли хулоса чиқармаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилади, деб хабар бермоқда Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлими.