Пайариқда 4 та маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда вилоят прокурори М.Эшназаров, вилоят халқ қабулхонаси бошлиғи М.Турдиев, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Йўлдошев, туман ҳокими И.Жабборов ва сектор раҳбарлари иштирок этди.

- Шу пайтгача 1982 йилда қурилган эски қишлоқ врачлик пункти биносида фаолият юритишимизга тўғри келаётган эди, - дейди Баҳор маҳалласи раиси Зафар Ҳайитов. – Шароитсизлик ҳам саломатлигимиз, ҳам иш самарадорлигимизга салбий таъсир қилаётганди. Йил бошида маҳалланинг оқсоқоллари билан кенгашиб, ҳашар йўли билан марказ қуришга қарор қилдик. Халқимиз бир ёқадан бош чиқарди - 4 ой деганда ишимиз битди. Замонавий бинода маҳалла еттилигининг ҳар бири учун алоҳида хоналар бор. Ҳомийлар кўмагида улар тўлиқ компьютер ва бошқа керакли жиҳозлар билан жиҳозланди.

Маҳалла биносининг очилишига бағишланган тадбирда сўзга чиққанлар маҳалла институтининг ҳаётимиздаги ўрни, инсонлар тарбиясидаги роли ҳақида тўхталди.

У ёшларни жамиятнинг бир қисми бўлишга ўргатувчи, уларда инсонийлик, халқпарварлик, ватанпарварлик туйғуларини шакллантирувчи улуғ масканлиги, маҳалла ободлигига ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги таъкидланди.

Тантанали тадбир доирасида ҳудуддаги шароити оғир оила фарзандининг хатна тўйи ҳам ўтказиб берилди. Маҳалла қурилишида фаоллик кўрсатганларга ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.

Шундай тадбирлар туманнинг Навбаҳор, Алиобод, Қирқовул маҳалларида ҳам ўтказилди.