Пайариқдаги хорижий тиллар факультетида кимлар ўқияпти?
Янги ўқув йилидан Пайариқ ва Нарпай туманларида Самарқанд давлат чет тиллар институтининг хорижий тиллар факультетлари очилди.
Шу пайтгача олий таълим муассасалари фақат шаҳар марказларида ташкил этиларди. Қишлоқ ёшларини олий таълимга кўпроқ жалб этиш, олис қишлоқ мактабларида ҳам етук мутахассислар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бугун туман ҳудудларида ҳам олий таълим даргоҳлари очиляпти. Хўш, ушбу факультетлар замон талабига жавоб бера оладими?
Саволга жавоб излаб Пайариқ туманидаги хорижий тиллар факультетида бўлдик.
Факультет - ҳудуди 4 гектар майдонни эгаллаган собиқ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи биноси ажратилган маскан. У аҳоли истиқомат қиладиган ердан бироз олисда экан.
- Давлат тест маркази томонидан факультетимизга 79 нафар талаба ўқишга тавсия қилинганди, - деди талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Темур Аҳмедов. – Ўқув биномиз туманда жойлашгани учун 69 нафар талаба ўқишга келди. Бир нафар талаба ҳали 10-синф ўқувчиси бўлгани учун ўқишга қабул қилинмади, қолган 9 нафари узоқ вилоятдан бўлгани, оилавий шароити тўғри келмаслиги сабабли ўқишни истамади. Аммо, факультетимизда оширилган тўлов-контракти (супер контракт) асосида ўқишни истовчилар бор. Шу пайтгача 8 нафар талабгор ўқиш истагини билдирди. Ҳали яна аризалар тушяпти, 22 ноябргача ҳужжат қабул қилинади.
Хорижий тиллар факультетида хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили) ҳамда мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили) таълим йўналишлари мавжуд. Ўқув биноси 610 ўринли бўлиб, унда 110 кишилик ётоқхона, ошхона, спорт ва фаоллар зали бор.
- Ўзим ҳам шу ерда, турмуш ўртоғим билан яшаяпман, - дейди факультет декани Сайфиддин Бозоров. – Дастлаб шаҳардан қатнаб ишлайман дегандим, аммо факультетимиз очилгач, ишни йўлга қўйиб олиш учун шу ерда яшашим кераклигини ҳис қилдим. Талабалар ётоқхонасининг қоровули бўлса-да, уларнинг ёнида бўлишга қарор қилдим. Бу ерда ҳар бир талабам билан яқиндан танишман, уларга қўлимдан келганча ёрдам бераман. Талабаларимнинг бирор гапи бўлса менга телефон қилади.
Ўқув биносидан 3 йил фойдаланилмаган, шунинг учун таъмирталаб аҳволда экан. Қисқа муддатда аудиториялар, ётоқхона, спорт зал, фаоллар зали ва ошхона институт томонидан таъмирланди. Ҳозирча таълим олиш ва яшаш учун бинонинг етарли қисми таъмирдан чиққан: деворлар рангланган, эшиклар янгисига алмаштирилган, зиналарга мармар плиталар ётқизилган, деразаларга замонавий пардалар осилган. Бинонинг қолган қисмида таъмирлаш ишлари давом этяпти. Ўқув хоналарида иситиш батареялари ишлаб турибди, хоналар иссиқ. Ҳар бир хонага кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, факультетда компьютер хонаси ташкил этилган бўлиб, уларни интернет тармоғига улаш учун wi-fi қурилмаси ўрнатилган.
- Бундан ташқари, аҳолининг талаби билан мактаб ўқувчилари учун тил ўргатиш маркази ҳам очдик, – дейди факультет декани. - Тушликдан сўнг атрофимиздаги иккита мактабдан ўқувчилар рус, инглиз, немис, француз тилларини ўрганишга келади. Шунингдек, марказимизда табиий ва аниқ фанлардан ҳам дарс машғулотлари ўтилади. Бундан ота-оналар жуда хурсанд. Аммо пайариқликларнинг ҳаммаси туманда хорижий тиллар факультети очилганидан хабардор эмас. Кўпинча кўчадаги одамлар “Ростдан ҳам бизда факультет очилдими?”, деб сўрашяпти. Насиб бўлса, келгуси йилдан факультетимизда пайариқликлар сони янада ошади. Ҳозирча бизда 11 нафар пайариқлик ёшлар таълим оляпти. Аслида бу ҳам ёмон натижа эмас.
Муҳими, факультетда дарс берадиган ўқитувчиларнинг 4 нафари Самарқанд давлат чет тиллар институтининг ўқитувчилари, улар шаҳардан қатнаб ишлайди, қолган 6 нафари тумандан саралаб олинган тажрибали педагоглардир.
Айтганча, яқин атрофда дўкон бўлмагани сабабли факультет биносида қалам, дафтар, қоғоз сотиладиган дўконча ҳам ташкил этилган. Шунингдек, тадбиркор томонидан ошхона ҳам ишга туширилган бўлиб, у ерда миллий таомлар шаҳар баҳосидан анча арзон нархда тайёрланяпти.
Хуршида Эрназарова.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.