Пекиндаги йирик улгуржи савдо бозорларидан бирида коронавирус ўчоғи аниқланди

Пекиннинг энг йирик улгуржи савдо бозорларидан бири ҳисобланган “Синфади” бозорининг импорт қилиб келтирилган балиқ савдоси билан шуғулланадиган растасида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда 12 июнь “Синцзинбао” нашри бозор маъмурияти берган маълумотга таяниб хабар берди.

11 ва 12 июнь кунлари Хитой пойтахти Пекинда сўнгги 56 кундан бери илк бора учта янги коронавирус ҳолати қайд этилди. Янги касалланганларнинг икки нафари “Синфади” бозоридаги гўшт маҳсулотларини назорат қилиш марказида ишлаши маълум бўлди. Шундан сўнг пойтахт ҳукумати эпидемиологик текширув ўтказди.

“Ўтказилган текширув натижаларини биз бугун эрталаб олдик. Олиб борилган суриштирув ишлари шуни кўрсатмоқдаки, мазкур импорт қилиб олиб келинган балиқ тури “Синфади” бозорига “Цзиншэн” денгиз маҳсулотлари бозоридан олиб келинган”, дея маълум қилди “Синфади” бозори маъмурияти бошқарувчиси.

Айни вақтда бозорда юқори даражали назорат ўрнатилган. Мол, қўй ва денгиз маҳсулотлари савдо заллари вақтинча ёпилган. Мева ва сабзавот заллари фаолияти ҳозирча давом этмоқда.