Пневматик милтиқдан отилган ўқдан жароҳатланган қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали шифокорлари пневматик милтиқдан отилган ўқдан жароҳатланган яккабоғлик 20 ёшли қизнинг ҳаёти асраб қолинди, деб хабар берди Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси.

Маълум бўлишича, ўқ бемор Ч.С.нинг ўнг елкасидан кириб, кўкрак қафаси ўнг томонидан ўтиб бориб, ўнг ўпканинг юқори бўлагини тешиб ўтиб, юракнинг перикард қаватида тўхтаган. Мураккаб тарзда кечган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланиб, ўқ олиб ташланди. Айни пайтда беморнинг аҳволи қониқарли.

Жарроҳлик амалиётини филиалнинг малакали шифокорлари Олим Шомуродов, Шербек Яхшибоев ҳамда Ўрал Шаминов амалга оширди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2020 йил 6 июнь куни соат 21:00 атрофида Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро Қ.С. ўртоқлари билан бирга Яккабоғ туманида жойлашган фермер хўжалигининг балиқ етиштириладиган кўлига бориб, у ерда пневматик милтиқдан кўлдаги ўрдакларни овлаш мақсадида ўқ узган, сўнг спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда 50 метр узоқликдаги кўл бўйида жойлашган дала шийпони олдида турган. Унга олдиндан таниш бўлмаган фуқаро Ч.С.ни милтиқ дурбинидан кузатмоқчи бўлиб, тепкини босиб юборган. Оқибатда милтиқ ўқи фуқаро Ч.С.нинг ўнг елкасига бориб теккан ва унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Қ.С.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.