Покистон АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тўхтатиш режаси ҳақида гапирмоқда
Бир кун олдин Трамп ҳақоратли шаклда Эронга мурожаат қилиб, Ҳормуз бўғозини очишни талаб қилди ва 7 апрель куни инфратузилмага зарба бериш билан таҳдид қилди. «Бўғозни очинглар, эй, телба аҳмоқлар, акс ҳолда дўзахда яшайсизлар», деб ёзди АҚШ президенти.
Эроннинг Зимбабведаги элчихонаси Америка президентининг Эрон инфратузилмасига ҳужум қилиш таҳдидларига Ҳормуз бўғози «калитлари йўқолгани» ҳақида киноя қилди. «Биз калитларни йўқотдик», деб жавоб берди дипломатик ваколатхона X ижтимоий тармоғида.
АҚШ ва Эрон эҳтимолий 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш шартларини минтақавий воситачилар иштирокида муҳокама қилмоқда, деб хабар бермоқда Axios манбалари. Нашр суҳбатдошларига кўра, келишувга эришиш эҳтимоли паст, аммо бу урушда жиддий эскалациянинг олдини олиш учун сўнгги уриниш ҳисобланади.
Axios манбаларининг айтишича, АҚШ ва Исроилда Эроннинг энергетика объектларига йирик зарбалар бериш режаси тайёр. Нашр тахминига кўра, бунга жавобан Эрон Форс кўрфази давлатларининг энергетика объектларига ҳужум қилиши мумкин.
Музокараларда воситачи сифатида Покистон, Миср ва Туркия иштирок этмоқда.
Покистон АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тўхтатиш режасини тайёрлагани ҳақида Reuters хабар берди. Унга кўра, Ҳормуз бўғози очилиши ва зудлик билан ўт очиш тўхтатилиши мумкин. Режа ҳатто бугун кучга кириши эҳтимол қилинмоқда.
Режа икки босқичдан иборат: аввал зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, сўнг 15–20 кун ичида тўлиқ келишувга эришиш. Якуний келишув Эроннинг ядровий қуролдан воз кечиши эвазига санкциялар юмшатилиши ва музлатилган активлар очилишини ўз ичига олади. Бироқ Эрон ҳали бу режага розилик бермаган.