Полициянинг хатти-ҳаракати туфайли Вашингтон ва Филадельфия норозилик намойишлари қўршовида қолди

Мингга яқин одам АҚШнинг Филадельфия шаҳрида (Пенсильвания штати) бўлиб ўтаётган норозилик намойишларида иштирок этмоқда. Деярли шу вақтнинг ўзида Вашингтонда полиция билан тўқнашувлар бошланди. Бу ҳақда 28 октябрь куни АҚШ ОАВ ва маҳаллий полиция хабар берди.

“Тахминан минг кишидан иборат ўлкан оломон Кастор ва Араминго ҳудудларидаги ташкилотларни тунамоқда. Ушбу ҳудудларга борманг!”, дейилган Филадельфия полициясининг Твиттер саҳифасида.

Маълум қилинишича, намойишлар оқибатида камида битта полиция автомобили ёқиб юборилган, бир нечта тартибни сақлаш ходими жароҳатланган.

Филадельфиядаги норозилик намойишлари полициячилар томонидан қора танли эркак, кичик Уолтер Уоллес ўлдирилганидан сўнг бошланди. Маълумотларга кўра, у қўлида пичоқ билан ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига яқинлашишга ҳаракат қилган. Полиция ходимлари бир неча бор эркакка қўлидаги қуролни ташлашни айтган. Бироқ Уоллес бу ишни қилмаган. Оқибатда полициячилар унга қарата ўт очган.

Мазкур ҳолат билан деярли бир вақтда, мопед ҳайдовчиси ўлимидан сўнг Вашингтонда ҳам оммавий норозилик намойишлари ва полиция билан тўқнашувлар бошланган. Бу ҳақда Washington Post нашри маълум қилди.

Нашриёт берган хабарга кўра, ҳодиса кечқурун содир бўлган. Полициячилар ҳимоя шлемисиз электр мопедни ҳаракатлантириб келаётган шахсни кўрган ва қоида бузувчини тўхтатишга ҳаракат қилган. Бироқ ўша вақтда мопед бошқа транспорт воситаси билан тўқнашиб кетган. Ҳалокат оқибатида мопед ҳайдовчиси касалхонада вафот этган.

Унинг ўлими АҚШ пойтахтида намойишлар кўринишидаги кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Тартибсизликлар вақтида намойишчилар полиция биноси деразаларини синдирган ва ичкарига чиқинди улоқтирган. Оқибатда камида бир нафар полициячи жароҳатланди, бир киши ҳибсга олинди.