Путин ва Эрдўғон ғалла бўйича келишувни қайта тиклаш борасида келиша олмади

Кеча Эрдўғон Россия президенти билан Украинадаги уруш ва ғалла келишуви бўйича музокаралар ўтказиш учун Сочига ташриф буюрган эди.

Россия ва Туркия президентлари музокаралар якунида матбуот анжумани ўтказди. Уларнинг баёнотларидан маълум бўлишича, томонлар музокараларнинг асосий масаласи – ғалла битимини қайта тиклаш бўйича келишувга эриша олмаган.

Путин Россия томони келишувни бир неча кун ичида қайта тиклашга тайёрлигини, бироқ унинг талаблари – Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича чекловлар олиб ташлаш шартини айтган.

Шунингдек, у Россия Туркияга қайта ишлаш учун бир миллион тонна ғалла етказиб бериш ва Африканинг энг қашшоқ мамлакатларига бепул ташишни ташкил этишини маълум қилган. Шу билан бирга у Россия Федерацияси Украинадаги вазиятни ҳал қилиш учун воситачилик хизматларидан бош тортмаслигини айтган.

 

Турк ОАВлари Эрдўғон Сочидаги Путин билан ўтказилган музокаралар натижаларини муҳокама қилиш учун ҳукумат йиғилишини ўтказиши ҳақида ёзди. Ўз навбатида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Туркия ва Россия президентларининг музокараларидан сўнг Эрдўғон ва Зеленский ўртасида суҳбат бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилган.