«Қамчиқ» довонида 3 та машина хандаққа тушиб кетди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 25 декабрь куни соат 12:40 ларда Наманган вилояти Поп тумани А-373 “Тошкент–Ўш” автомобиль йўлининг 247 километрида “Тошкент — Водий” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган “Кобалт”, “Спарк” ҳамда “Лаcетти” русумли автомашиналар ҳайдовчилари бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги хандаққа тушиб кетган.
Хабарда айтилишича, ҳодисада ҳеч ким тан жароҳат олмаган. Воқеа жойига 11-назорат гуруҳи қутқарувчи хизматчиси Д.Султонов ва “Қамчиқ” навбатчилик масканидан кичик сержант Й.Махметов бошчилигида 5 нафар қутқарувчилар “Камаз” русумли махсус автомашинада ҳамда “Шеробод” ЙПХ ходимлари, “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш УК махсус техникалари ва ходимлари етиб борган.
Қутқарувчилар томонидан йўл транспорт воситаларининг ҳайдовчи ва йўловчиларига психологик ёрдам кўрсатилиб, автомашиналар хандақдан чиқарилди. Шундан сўнг автоэвакуатор ёрдамида “Шеробод” ЙПХ масканининг жарима майдончасига олиб кетилган.
Бундан ташқари, шу куннинг ўзида, соат 13:00 да яна бир йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги маълумот келиб тушади. Унга кўра, Наманган вилояти Поп тумани А-373 “Тошкент– Ўш” автомобиль йўлининг 247 километрида “Тошкент — Водий” йўналишида ҳаракатланиб келган “Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, шу йўналишда олдинда ҳаракатланиб келаётган “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш УКга қарашли “МАН” русумли КДМ (туз-қум сепадиган машина) юк автомашинасининг ортидан келиб урган.
Бунинг оқибатида, “Нексия” автомашинасида 3 нафар йўловчилар турли даражада тан жароҳати олган. Жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт ходимларига топширилган.