«Қишлоғимдан кетмайман» ёки уй-жой қуриш, янгича яшашга муносабат хусусида

Сирожиддин – тоғамнинг ўғли. Қишлоқда яшайди. Инглиз, турк тилини яхши билади. Тошкентда ўқиди, Туркияда ишлаяпти. Фарзандларининг қулай шароитларга эга уй-жойда яшашини, замонавий мактабларда ўқишини хоҳлайди. Шунинг учун телефонда суҳбатлашганимизда «Ака, Самарқанд шаҳрининг марказидан сотиладиган уй-жой бўлса айтинг, борганимдан оламан. Болалар катта бўляпти. Қачонгача қишлоқда, қийин шароитда яшаймиз…», деди. «Хўп, келавер-чи, кўрамиз», деб қўйдим.
Унга бугун қишлоқлар шаҳар билан бўйлашаётгани, яхши турмуш кечириш учун ҳамма шароитлар яратилаётгани ҳақида айтмоқчи бўлдим-у «Ишонмаслиги мумкин. Яхшиси, ўзи келиб кўрсин», дедим.
Унинг ҳам гапида жон бор. Авваллари қишлоқларимиз аҳволи яхши эмас, айниқса, қишда кун кечириш азоб эди. Свет ҳафталаб ўчган, табиий ёки баллонли газ ҳақида гап бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовут гўёки ер билан осмонча, одамларнинг дунёқараши, турмуш тарзи ҳам шунга яраша...
Кейинги йилларда қишлоқлар қиёфасини кўркам ҳолга келтириш, инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш давлатимизнинг асосий эътиборидаги вазифа бўлиб қолди. «Обод қишлоқ» дастури қабул қилиниб, қишлоқ аҳолисини уй-жой, тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминлаш, йўлларни асфальт қилиш, жойларда хизмат кўрсатиш тармоқларини ташкил этиш борасидаги ишлар кўлами кенгайди. Ушбу дастур доирасида биргина ўтган йилнинг ўзида юртимиздаги 368 та, вилоятимиздаги 29 та қишлоқ обод бўлди. Масалан, бугун Нурободнинг олис Жом қишлоғи жамолини кўрган, бу ерда қад ростлаган иморатлар, равон йўллар, яратилган шароитлар билан танишган киши бу ердан кетгиси келмай қолади.
Айниқса, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилаётгани боис қишлоқлар кўрки бутунлай ўзгарди. Тартибли қурилган, замонавий дизайн ва зарур инфратузилмага эга уйлар шаҳардагидан қолишмайди.
– Асли қишлоқданмиз-у ишга жойлашиб, ўн беш йил шаҳарда яшадик, - дейди жомбойлик Баҳодир Саъдиев. – Икки йил аввал Оқдарё туманида намунавий лойиҳа асосида қурилган уй олиб, кўчиб келдик. Мана, ҳеч ким бу ерни қишлоқ демайди - яшаш учун ҳамма нарса муҳайё. Ҳовлига ҳар хил мевали дарахт кўчатлари экканмиз. Бу ердаги тоза ҳавони айтмайсизми?
Ана шундай барча шароитга эга уйлар қурилаётганидан руҳланган қишлоқ аҳолисининг ўзлари ҳам уй-жойларини лой ғишт ёки пахсадан қилишдан воз кечяпти. Аксинча замонавий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда янгича услубда қуряпти. Қуряптигина эмас, уйларда қулай коммуникация тизимларини ҳам барпо этяпти.
Дарвоқе, қишда Сирожиддин Туркиядан келди. Бир ҳафта-ўн кун ўтиб, қишлоққа бордим. Кўришдик, суҳбатлашдик.
- Нима қилдик, шаҳарга бориб, сотиладиган уйларни кўрамизми, - дея сўрадим.
- Йўқ, ака, қишлоғимга келиб режам ўзгарди, - деди қатъий. – Қаранг, йўлларга тош тўшалиб, анча яхшиланибди. Мактаб – замонавий, кенг, ёруғ. Қишлоғимдан кетмайман. Шу ердан уй қураман. Танишингиз бўлса, яхши архитектор топишга ёрдам беринг. Замонавий лойиҳа асосида баланд, мустаҳкам пойдевор қуйиб, пишиқ ғиштдан уй кўтараман. Кенг ва шинам ертўла қиламан. Уйнинг ичига иссиқ ва совуқ сув, оқава сув тармоғи тортаман, невараларингиз учун алоҳида дарсхона, ҳаммом, «отопления» қиламан. Мен қурган уй бир неча авлодимга хизмат қилсин...
- Мана бу гапинг бошқача бўлди, - дедим хурсанд бўлиб.
Акрам ҲАЙДАРОВ.