Қон қишлоқми, Хон қишлоқ?

Ҳар бир жой номи ўз тарихига эга. Масалан, Жомбой туманида қадимда Қон номли қишлоқ бўлган. Ўша қишлоқда жазога маҳкум этилган одамларни қатл қилишган. Ушбу жойда кўп қон тўкилгани учун одамлар Қон қишлоқ деб атаган.

Кейинчалик Хон қишлоғи деб юритилган. Яқинда тумандаги Бешбола маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ушбу номсиз аҳоли пункти Хон деб аталадиган бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссия йиғилишида маълум қилинди.

Жой номларининг келиб чиқиш тарихи бир-биридан қизиқ. Жумладан, Шайбонийхон аскарларининг бир қисми келиб яшаган жой номи кейинчалик “Шайман” номига ўзгартирилиб талқин қилинган. Туманнинг Катта қишлоқ маҳалласида жойлашган ушбу аҳоли пунктига Шайман номи берилди.
Яна бир аҳоли пунктига Қанғли номи берилди. Қадимда Қанғ давлати бўлиб, унинг аҳолиси - Қанғли уруғи ўша ҳудудга келиб яшаган.
Бундан ташқари, тумандаги 41 та аҳоли пункти, номсиз кўчалар, Паст Дарғом, Нуробод, Пахтачи, Пайариқ туманларидаги номсиз қабристонлар, Самарқанд шаҳридаги номсиз қабристон, зиёратгоҳ ва майдон номлари комиссия қарорига кўра қайта номланди.

Наргиза КАРИМОВА.