Қўшработда тайёр кийимлар, Нарпайда трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда
Кейинги йилларда вилоятимизда ҳам енгил саноат тармоғи анча ривожланди. Бугунги кунда тармоқда 269 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ҳозирга қадар 1300,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Енгил саноатда тармоқларнинг янада кенгаяётганлиги, соҳага янги-янги технологияларнинг кириб келиши, истиқболли лойиҳаларнинг кенг жорий этилиши ютуқлар омили бўлмоқда.
Шу йилнинг июнь ойида Жомбой туманида қиймати 112 миллиард сўм бўлган "Трикотаж мато" ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Натижада 400 киши иш билан таъминланиб, йилига 28,2 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида қиймати 89,7 миллиард сўмлик 10 та лойиҳа иш бошлади, 551 та иш ўрни яратилди.
- Бугина эмас, Ургут туманида "Нур Сам Қур" масъулияти чекланган жамияти томонидан 3,1 миллиард сўмлик тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ўзлаштирилди, - дейди вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси мутахассиси Суҳроб Суюнов. - Самарқанд туманида момиқ сочиқ, Қўшработ туманида миллий тикув кийимлари, Оқдарё туманида болалар учун ҳар хил турдаги текстил буюмлари, юмшоқ ўйинчоқлар, болалар мебеллари, Нарпай туманида пайпоқ ва трикотаж маҳсулотлари, Самарқанд шаҳрида синтетик толадан кўрпалар ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилди.
Бошқача айтганда, ўтган давр мобайнида енгил саноатчиларимиз томонидан 9,4 минг тонна ип-калава, 20 144 минг метр квадрат газлама мато, 11 445 минг дона тайёр тикув буюмлари, 60 миллион жуфт пайпоқ, 26,077 минг квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотлари ички ҳамда хориж бозорларига етказиб берилди. Бошқа турдаги енгил саноат маҳсулотлари 166,8 миллиард сўмни ташкил этди.
Бугунги кунда тадбиркорликка яратилаётган имконият ҳамда соҳа фидойиларининг изланувчанлиги, янгиликка интилувчанлиги боис тармоқда янги-янги замонавий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
- Корхонамиз бундан тўрт йил олдин фаолият кўрсата бошлаган эди, - дейди Ургут туманидаги "Smart hygiene jacilities" корхонаси раҳбари ўринбосари Дилмурод Каримов. - 2018 йилнинг октябрь ойидан "Ургут" эркин иқтисодий зонага бирлашдик ва қисқа вақт ичида туркиялик инвесторлар иштирокида қиймати 4 миллион 50 минг АҚШ долларига тенг иккита лойиҳани ўзлаштирдик. Биз асосан ҳудудимиз учун янгилик ҳисобланган болалар тагликлари, аёллар гигиеник воситалари ҳамда намли салфеткалар ишлаб чиқаряпмиз. Ҳозир маҳсулотларимизга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Яъни, Ургут маҳсулотлари ўзимиздан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Дарвоқе, корхонамиз номи инглизчадан таржима қилинса "Ақлли гигиеник буюмлар", дейилади. Бизни бу қувонтиради.
Яна шундай корхоналардан бири Жомбой туманида иш бошламоқда. "Jomboy Poyabzal savdo" деб номланувчи жамоа фаолияти пойабзал ҳамда турли сумкалар ишлаб чиқаришга қаратилган.
- Бугунги кунда Испания, Туркия ва Германия ишбилармонларидан ускуна-жиҳозлар олиб келиш устида иш олиб боряпмиз, - дейди корхона раҳбари Иброҳим Каримов. - Италиялик инвесторлар биринчи бўлиб биз билан ҳамкорликни маъқуллашди. Жойимиз яхши, табиий газ, сув билан таъминланганмиз. Ускуна-жиҳозлар келтирилиб ўрнатилгач, маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаймиз.
Яқинда корхонамиз вакиллари Жанубий Кореяда бўлишди. У ерда мезбон тадбиркорлар маҳсулотимизга катта қизиқиш билдиришди. Албатта, бу масъулият билан ишлашга, халқаро андазаларга мос, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга даъват этади.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
"Зарафшон" мухбири.