Қўшработлик депутатларни ким “уйғотади”?
Ёки ҳамон эски тартибда ишлаётган Кенгаш ҳақида
Маҳаллий вакиллик органлари халқ билан бевосита мулоқот қилувчи, жойлардаги долзарб масалаларнинг ечимини топишда назорат фаолиятини амалга оширувчи, асосийси, халқ ва давлат ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажарувчи муҳим восита ҳисобланади.
Чунки халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари маҳаллий вакиллик органи сифатида қуйи бўғиндаги муаммоларни бевосита аниқлаш, таҳлил қилиш ва ҳудуддаги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда уларни бартараф этиш бўйича мақбул таклифларни бериш имкониятига эга.
Сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда. Хўш, унинг самараси қандай бўляпти? Жойларда кутилган натижаларга эришиляптими?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши фаолияти билан танишдик.
Одоб ўргатувчи бепарво бўлса
Аслида Кенгаш фаолиятини жонлантириш, депутатларни белгиланган талаб ва қоидаларга риоя қилишларини таъминлашда Регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссиясининг алоҳида ўрни бор. Бироқ Кенгаш котибиятидаги комиссия ҳужжатлар йиғма жилдида сақланаётган ҳужжатлар уларнинг ўзига кўмак зарурмасмикан, деган саволни уйғотади. Негаки, биринчи ярим йиллик учун бор-йўғи 5 банддан иборат иш режа тузилган. Қайсидир йиғин ёки мутасадди томонидан тасдиқланмаган иш режада белгиланган вазифаларнинг фақат 2 таси бажарилган. Афсуски, улар ҳам тўлиқ ижро этилмаган. Бажарилмаган вазифалар ҳам аслида оддий масалалар эмас.
Масалан, мавжуд ваколатлардан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиялари томонидан 1-чорак давомида амалга оширилган ишлар ҳисоботини эшитиш режалаштирилган. Амалда эса нима учундир бу масала катта масъулиятга эга бўлган доимий комиссия томонидан кўриб чиқилмаган.
Аввало, депутатларнинг ўзи Кенгаш сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқарувчи орган эканлигини теран англаб олишлари зарур. Бу сессиялар орқали кўпчиликнинг ишончини қозониб, вакиллик органига сайланганларнинг овоз бериши орқали амалга оширилишини тушунишлари лозим.
- Иш режамиздаги 5 та масаладан 3 та эмас, 2 таси бажарилмаган, - дейди Регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссияси раиси Қуроқбой Синдоров. - Чунки июндами ёки июлдаям йиғилиш ўтказгандик. Лекин йиғилиш баёнини “папка”га тикмаганмиз.
Сессия қўл кўтариб туширадиган йиғинми?
Халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши фаолияти билан танишар эканмиз, бу савол ҳамон долзарб эканлигига гувоҳ бўлдик. Ваҳоланки, конституцион ислоҳот давомида вакиллик органларининг ҳуқуқий мақомини янада кенгайтириш чоралари кўриляпти. Демак, энди маҳаллий Кенгаш, шу жумладан, депутатларнинг ҳам масъулияти ошади.
Афсуски, амалга оширилаётган ва кутилаётган демократик ислоҳотлар самараси Қўшработ туманида деярли кўзга ташланмайди. Чунки халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мутахассиси билан жорий йилда ўтказилган 35 дан 47 гача бўлган сессияларга халқ ноибларининг иштирокини таҳлил қилиб чиқдик. Ажабланганимиз, мазкур 13 та сессияга бор-йўғи 14 нафар (жами депутатларнинг ярми ҳам эмас) депутат узлуксиз иштирок этган. Бу вакиллик органига сайланган халқ ноиблари ўзларининг бошқарув йиғилишига нисбатан беписанд муносабатда эканлигини кўрсатмайдими? Чунки айнан сессия Кенгашнинг ишчи органи, унга сабабсиз иштирок этмаслик тегишли чора кўришга сабаб бўлиши мумкин.
Тўғри, бунинг учун масала сессияга киритилиши, унгача эса Регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссиясида муҳокама қилиниши зарур. Халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгашининг бефарқлиги, қолаверса, Кенгаш котибияти мудири лавозими йил бошидан буён вакантлиги бу амалиёт қўлланишига тўсиқ бўляпти. Таҳлил қилинган 13 та сессиядан 10 тасига қатнашмаган депутатларга нисбатан ҳеч қандай таъсир чораси кўрилмагани ҳам бунга яна бир мисол эмасми?
Доимий бўлмаган комиссиялар
Йил бошидан буён 14 та сессия ўтказилган.
Аммо деярли барча масала сессия аввалида доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилмаган. Яъни, амалдаги тартибга риоя қилинмаган.
- Айрим масалалар доимий комиссиялар томонидан муҳокама қилиниб, сўнг сессия кун тартибига киритилган, - дейди Кенгаш котибияти мутахассиси Довуд Шойқулов. - Масалан, мактаб директорлигига номзодлар, албатта, тегишли доимий комиссия томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.
Ўзи умуман, Кенгаш фаолияти билан яқиндан танишиш учун котибиятда мавжуд ҳужжатлар етарли эмас. Чунки айрим доимий комиссияларнинг иш ҳужжатлари йиғма жилди йўқ. Аслида ҳар бир депутат муайян доимий комиссияга, комиссия эса ўз навбатида Кенгашга ҳисобдор.
Масаланинг бу томонлари ҳақида на депутатлар, на Кенгаш котибияти ходимларидан тайинли жавоб оласиз. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, Кенгашда мавжуд барча партияларнинг депутатлик гуруҳлари мавжуд. Аммо уларнинг ҳеч бири йил бошидан буён ўтказилган 50 га яқин сессияга ақалли битта масала киритмаган. Таажжуб, сайлов олдидан катта-катта дастурий мақсадларни кенг оммага тақдим қилган жамоатчилик фаоллари нега улардан биронтаси учун ҳаракат қилишмаган?
Ҳамон қўлсиз ҳокимлик
Юқорида айтдик, халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши сессиялари бундан 5-6 йил аввалги даврлардагидек “хўжакўрсин”га ўтказиляпти. Уларда қабул қилинган қарорлар ижроси эса етарли даражада ташкил қилинмаган.
Фикримизча, сессиялар юзакилиги, доимий комиссияларнинг амалдаги тартибга риоя қилмаслиги, аниқроғи, сессия кун тартибига киритиладиган масалани Кенгаш даражасида муҳокама қилиш шартми-йўқлиги ўрганилмаслигига қатор сабаблар бор. Масалан, доимий комиссиялар йиғилиш ўтказадиган хона талаб даражасида жиҳозланмаган.
Аслида Кенгашлар фаолиятини жонлантириш мақсадида котибият ташкил қилинишидан аввал бу масала туман ҳокимлигининг тегишли бўлимлари зиммасига юклатилган эди. Вазифа тўлиқ ижро этилмаганлигини ҳокимликнинг ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Тоҳир Жаҳонов қуйидагича изоҳлади:
- Тўғри, котибият учун юқори шароит яратилмагандир, аммо ишлаш учун зарур имконият бор, - дейди Т. Жаҳонов. - Масалан, битта хонада бўлса-да, котибият мудири ва 2 нафар мутахасси автоматлаштирилган техник воситалар билан таъминланган. Китоб ва стендлар масаласи яқин кунларда ҳал этилади.
Бундан ташқари, котибиятнинг 2 нафар ходимидан 1 нафари ҳоким раҳбарлик қиладиган 1-сектор штабига бириктирилган. Аниқроғи, вакиллик органи ходими бир вақтнинг ўзида ижро ҳокимияти секторида ҳам котиб вазифасини бажармоқда. Бу ҳолат Қўшработда маҳаллий Кенгашга “борми-бор” қабилада муносабат бўлаётганини кўрсатмайдими?
Илк сессияни ўтказган Кенгаш раиси ва депутатлар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришади, деган умиддамиз.
Ёқубжон Марқаев.