Қозоғистонда нима гаплар?

Қозоғистондаги кейинги ҳодисаларни кузатар экан, киши ёдига кўп воқеалар келади. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўртаси, аниқроғи, 1986 йил 26 апрелда, вайронкор Тошкент зилзиласига роппа-роса 20 йил тўлган куни собиқ СССР деб номланмиш салтанатда яна бир вайронкор ҳалокат рўй берди. Инженер-техникларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида Чернобиль атом электр станциясидаги ядро “жин”и “кўзасидан чиқиб кетди”. Портлаган реактордан қанақа даҳшатли ҳарорат ажралиб чиққанини ҳис қилишингиз учун қуйидаги манзарани кўз олдингизга келтираман. Тасаввур қилинг: атом ёнғинини махсус тайёрланган золдирлар билан ўчириш мақсадида реактор устига ҳарбий вертолёт учиб келди ва золдирларни ташлаш учун бир муддат туриб қолди. Бир неча тонналик тикучоқ 2-3 сония ичида худди шам устидаги мумдек эриб, атом жаҳаннами ичига қулаб тушди. Буни камералар тарих унутмаслиги учун кино тасмаларига абадий муҳрлаб қўйди.

Собиқ СССРнинг парчаланиб кетишида кимдир Михаил Горбачёвни, кимдир Борис Ельцинни, яна кимдир ҳар иккаласиниям айблайди. Аммо гапнинг холисини айтадиган бўлсак, қизил империя инқирози, аввало, афғон уруши туфайли бошланган бўлса, Чернобиль ҳалокати иккинчи сабаб бўлди. Империя таназзули ҳақида гап кетар экан, унинг кўпчилик эътибор бермайдиган ҳал қилувчи учинчи сабабини ҳам ёдга олиб қўйиш жоиз. Бу омил СССРнинг илдизига болта урди. Чунки ўша даврда коммунистик салтанат тарғиботчилари иттифоқда империалистик миллатчиликка барҳам берилиб, ягона қардош совет халқи шакллангани ҳақида дунёга довруғ ёярди. Бунга узоқ вақт улкан давлатни турли миллатга мансуб раҳбарлар бошқарганини ёрқин мисол қилиб кўрсатарди.

Владимир Лениндан кейин совет давлатига бошчилик қилган Иосиф Сталин ва Никита Хрушчёв бири грузин, иккинчиси украин бўлиб, рус миллатига мансуб эмасдилар. Бу эса шўро байналмилалчилигининг ёрқин намунаси сифатида талқин этиларди. Ҳақиқатан ҳам, шўро салтанатида халқлар ўртасида азалдан мавжуд бўлган миллатчилик иллатига тамоман бўлмаса-да, нисбатан барҳам берилганди. Совет ташвиқот воситалари томонидан ҳам халқлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва ўзаро интернационал никоҳлар кенг тарғиб қилинарди. Бироқ, 1986 йил охирида Геннадий Колбиннинг Қозоғистон ССР Коммунистик партиясининг биринчи секретари этиб тайинланиши мутлақо кутилмаган оқибатни келтириб чиқарди. Миллий ўзлигини таний бошлаган маҳаллий ёшлар қозоғистонлик бўлмаган амалдорнинг республикага хўжайин бўлишига қарши исён кўтаришди. Намойишга чиққан оломон бебошлигини кучишлатар тизимлар томонидан тинчлантиришга уринишлар натижа бермагач, ўточар қуроллар ишга солинди ва оқибатда ўнлаб намойишчилар ҳалок бўлди. Шундай қилиб, Совет Қозоғистони тарихида биринчи қонли саҳифа очилди. Собиқ СССР ҳудудларида миллатчилик ва айирмачиликнинг авж олиб кетишида Олмаотадаги 1986 йил декабрь воқеалари хамиртуруш вазифасини бажарди десак, хато бўлмас.

 1989 йилда Ғарбий Қозоғистонда яна бир нотинчлик ўчоғи пайдо бўлди. Кавказ миллатига мансуб ватандошларининг зўравонлигини ҳазм қилолмаган маҳаллий аҳоли яна ғалаён қилди. Бу гал чечен, ингуш ва бошқа миллатга мансуб оилалар ўз тарихий ватанларига кўчиб кетишга мажбур бўлдилар.

Қозоғистон Республикаси мустақилликка эришгач, мамлакатда янги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар шаклланди. Республика раҳбарлари томонидан жорий этилган очиқ эшиклар сиёсати натижасида мамлакатга хориж инвестициялари оқиб келди. Айниқса, ёнилғи-энергетика соҳаси гуркираб ривожлана бошлади. Нефть ва газдан келаётган мўмай даромад қисқа вақт ичида Қозоғистонни ривожланаётган давлатлар қаторига киритиб қўйди. Ўша йилларда Қозоғистонга бориб ишлаш кўпгина ватандошларимизнинг орзусига айлангани ёдимда.

Шу ўринда бундан ўн йиллар бурунги бир воқеа эсимга тушади. Ўшанда биз, ургутлик ўқитувчилар Паст Дарғом далаларига пахта теришга сафарбар қилингандик. Эътибор қилсам, далаларда барчаси ҳашарчилар. Шунда фермер бободан қишлоқдаги моҳир теримчи аёллар ҳақида сўрадим. Маълум бўлишича, улар Еттисойга пахта тергани кетишган экан. Чунки ўша пайтларда бир кило пахта учун ўзимизда 200 сўм бериларди. Қозоғистонда эса теримнинг нархи килосига минг сўм экан. Бир кунда 50-100 минг сўм пул ишлаб топиш ўша йилларда яхши даромад ҳисобланарди.

Янги иқтисодий сиёсат натижасида мамлакат ғарбида ёнилғи-энергетика саноати гуркираб ривожланди. Қозоғистонлик ишсиз ёшлар янги шаҳарларга оқиб кела бошлади. Маълумки, ишчилар аҳолининг бошқа қатламларига нисбатан билимлироқ ва фаолроқ бўлади. Ҳаётдаги адолатсизликлардан ҳафсаласи пир бўлган Жана Озен шаҳридаги ёш-яланглар 2011 йилда яна тўполон қилиб чиқишди. Бу гал улар мамлакатда коррупция ва олчоқликнинг, ижтимоий тенгсизликнинг кучайиб кетаётганидан норози бўлишди. Маъмурлар уларнинг бир неча талабларини қондирган бўлиб, ашаддийларини олиб қамоққа ташладилар. Аммо бу билан республикадаги суиистеъмолчиликларга барҳам берилмади. Аксинча, Назарбоев шахсига сиғиниш кучайиб, порахўрлик ва очкўзлик янада авж олди. Натижа ўзини узоқ куттирмади.

2022 йил 2 январь куни халқ яна қўзғалди. Суюлтирилган газнинг икки баравар қимматлашганига қарши бошланган халқ ғалаёни сиёсий талаблар илгари сурилган қўзғолонга айланиб кетди. Айниқса, Олмаота шаҳридаги вазият ғоят мушкуллашиб, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тизимлар воқеаларни назорат қилолмай қолди. Уларнинг куч-салоҳиятидан шубҳаланган ҳукумат вазиятни ўнглаш учун хориждан ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Энг ёмони: президент Қосим-Жўмарт Тўқаев қўзғолончиларга қарши ўқотар қуроллардан фойдаланишга буйруқ берди. Оқибатда икки юздан зиёд одам қурбон бўлди. Ўртада 20 мингдан ортиқ қуролланган бандитлар ким эканлиги, агар бандитлар бўлса, ички қўшинлар нега уларга қарши турмаганлиги, қаттиқ қўриқланадиган идораларга ва аэропортга қўзғолончилар нега осонгина кириб боришгани, Қозоғистон хавфсизлик кенгаши раиси Нурсултон Назарбоевнинг кейинги тақдири нима бўлганлиги ҳақидаги кўплаб саволлар ҳануз ўз жавобини кутиб ётибди. Янги президент Тўқаев хориж аскарлари ёрдамида ҳокимиятни қўлида сақлаб қолган бўлса-да, келажакда ушбу қалтис саволларга тўлиқ жавоб беришига тўғри келади.

Шу ўринда яна бир жўяли савол пайдо бўлади. Қирғизистон ва Арманистон ички нотинч вазиятни тузатиш мақсадида Москвадан ёрдам сўраганида буни рад этган Владимир Путин Қозоғистонга қўшин киритишга нега дарҳол рози бўлди? Бунда бизнинг фикримизча, учта муҳим омил сабаб бўлди.

Биринчидан, дунё ҳамжамиятига Россиянинг ҳали ҳам дунё тақдирига таъсир ўтказадиган кучли давлат эканлигини кўрсатиб қўйиш.

Иккинчидан, АҚШ президенти билан бўладиган тарихий музокаралар арафасида Ғарбдаги рақибларга руҳий босим ўтказиш.

Учинчидан, шу баҳонада таъсир доирасидан аста-секин чиқиб кетаётган Қозоғистонни яна қайтадан Россия сиёсий орбитасига тортиб, иложи бўлса ҳарбий қўшинларни ўша ерда жойлаштириш.

Қозоғистондаги бугунги вазият шуни кўрсатяптики, юқоридаги учта муҳим мақсадлардан бирортасига ҳам эришилмади. Қайтага Россиянинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан янада заифлашгани кўриниб қолди. Ғарб давлатлари билан бўлган музокараларда Украина ва Грузия эркинлигини чеклаш масаласида Россия томони АҚШдан қатъий рад жавобини олди. Катта шов-шув билан олиб кирилган КХШТ десант қўшинлари қандай тезлик билан киритилган бўлса, шундай тезлик билан олиб чиқиб кетилди.

Буларнинг бариси шуни кўрсатмоқдаки, собиқ шўро ҳудудларида Москванинг таъсири қайтарилмас даражада заифлашиб бормоқда. Бунинг сабаби шундаки, минтақада Россиядан ташқари АҚШ, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Япония, Эрон сингари янги йирик ўйинчилар пайдо бўлди ва улар Марказий Осиё мамлакатлари билан тенг ҳамкорлик асосида муносабатларга киришмоқда. Биргина Хитой минтақа давлатларини ва Россиянинг ўзини ҳам иқтисодий жиҳатдан ўзига чамбарчас боғлаб олди. Бу мамлакатлар аллақачон Хитойнинг катта тайёр маҳсулотлар бозори ва бой хом ашё омборига айланиб улгурди. Шу маънода, қуйидаги маълумотни мақоламизга илова қилиш мумкин: бугунги кунда Россия учун Қозоғистон ташқи савдо айланмаси арзимаган кичик фоизларни ташкил қилади.

Бултур “Валдай” сиёсий-иқтисодий таҳлил маркази анжуманида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев: “Бундан буён у ёки бу давлат нуфузи атом қуроллари қуввати билан ўлчанмайди ва энди ҳар бир мамлакат иқтисодий соҳада ўз кучини намоён қилиши лозим”, деган мазмунда гапирганида Владимир Путин унга Саддам Ҳусайн тақдирини мисол келтириб кескин эътироз билдирган эди. Қозоғистондаги кейинги воқеалар президент Тўқаевнинг бу борада ҳақ эканлигини яна бир марта тасдиқлади.

Худойберди Комилов,

сиёсий шарҳловчи.