Қурилишда шаффофлик таъминланса, коррупциянинг олди олинади, сифат ошади
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари эллик биринчи сессияси ўтказилди.
Видеоселектор тарзидаги сессияда вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, секторлар бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.
Сессияда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қароридан келиб чиқиб, 2022 йилда вилоятда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала муҳокама этилди.
Мазкур масала юзасидан сўзга чиққан вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг таъкидлашича, 2021 йилда вилоятда 1 триллион 800 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Мазкур ишларни бажариш жараёнида қурилишларда қонун бузилиш ва коррупция ҳолатлари ҳам қайд этилган.
2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини, консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган давлат дастурларини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш, маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада назорат механизмларини янада кучайтириш мақсадида Президентимиз томонидан 2021 йил 10 декабрда ПҚ-43-сонли қарор имзоланди. Вилоятда ушбу қарор ижросини сифатли таъминлаш мақсадида 2021 йил 18 декабрда вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди ва қарор билан вилоятда давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби тасдиқланди.
– Президентимиз қарори билан давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби ва ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) штабларининг намунавий таркиби тасдиқланди, – деди Э.Турдимов. – Мазкур штабларга давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини, давлат дастурларига киритиш учун лойиҳаларни танлаб олишдан уларнинг дастлабки манзилли рўйхатини шакллантириш, лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва дастурларни тасдиқлашгача бўлган барча жараёнларни, лойиҳалар доирасида танлов (тендер)лар ўз вақтида ва шаффоф ўтказилишини, қурилиш-пудрат ишларининг сифатли бажарилиши ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини, шунингдек, лойиҳалар белгиланган муддатларда якунланишини назорат қилиш топширилди. Шунингдек, штаблар лойиҳалар уларнинг ташаббускорлари (буюртмачилар) томонидан ўз вақтида молиялаштирилиши, бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан тизимли назоратни амалга оширади. Молиялаштириш манбаи аниқ бўлмаган лойиҳалар бўйича харажатлар амалга оширилиши ва (ёки) ишлар бажарилишига, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишлари параллел равишда олиб борилишига, пудратчи (лойиҳачи) ташкилотларнинг танлов (тендер) ўтказмасдан танлаб олинишига йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатилади. Лойиҳаларни танлаб олиш, уларни амалга ошириш ва ишга тушириш жараёнларининг барча босқичида манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олади ва уни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради. Лойиҳалар доирасида харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг нархларини таҳлил қилиш, уларни асоссиз равишда оширишга ва тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайди. Ҳудудий ва туман (шаҳар) штаблари таркибига кирувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тезкор-қидирув ваколатлари доирасида, давлат дастурларини молиялаштиришга ажратиладиган маблағларнинг ҳар бир лойиҳа кесимида мақсадли сарфланишини таъминлаш ва улар талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича тизимли назорат тадбирларини ўтказиб боради.
Ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар ҳажми ва натижадорлиги, ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши ҳолати, шунингдек, келгуси чорак учун аниқ режалар юзасидан тегишли ҳудуд аҳолисини хабардор қилиб боради.
2022 йилдан бошлаб келгуси йиллар учун дастур ишлаб чиқилишида:
- 1 апрелга қадар жойларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг ҳолатини, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурати ва уларнинг жойлашуви, шунингдек, ушбу масалалар бўйича кенг жамоатчилик фикри ўрганилади;
- 1 майга қадар халқ депутатлари маҳаллий кенгашларнинг тавсияларидан келиб чиқиб, дастурга киритиладиган лойиҳалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига шахсий кафиллик асосида таклиф киритилади;
- 1 майга қадар молия вазирлиги лойиҳа-қидирув ишларини молиялаштириш учун зарур маблағларни буюртмачилар кесимида шакллантиради;
- 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан дастурга киритиш таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқиб, уларнинг дастлабки манзилли рўйхати тасдиқланади;
- 1 ноябрга қадар ҳудудлар, соҳалар ва тармоқлар раҳбарлари дастлабки манзилли рўйхатга киритилган лойиҳалар бўйича лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш чораларини кўради ва бу борада уларга шахсий жавобгарлик юклатилади.
Календарь йилининг якунига қадар келгуси йиллар учун дастур тасдиқланиб, унга киритилган лойиҳалар бўйича танлов (тендер)лар эълон қилинади. Бунда, дастурга лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган лойиҳалар киритилишига йўл қўйилмайди.
– Бундан буён тендер ўтказилмай, молиялаштирилмасдан туриб ҳеч қандай қурилиш бошланмайди, – деди Э.Турдимов. – “Сен қурилишни қилавер, пулини ўтказиб берамиз” деган гап кетмайди энди. Бундай ҳолатга йўл қўйган шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади. Энди лойиҳачи ҳам, пудратчи ҳам танлов асосида танланади. Танловлар электрон шаклда ўтказилади. Айрим ташкилотларда қурилишнинг буюртмачиси, пудратчи ва назоратчиси ҳам битта идора тизимида. Бундай шароитда шаффофлик, адолат бўладими? Қурилишда сифат қоладими? умуман, энди қурилиш коррупциядан холи, иш шаффоф бўлиши керак.
Бугунги кунда 2022 йилги инвестиция дастурлари барча ҳудудлар кесимида тўлиқ шакллантирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоятимизда бюджет маблағлари ҳисобидан 1 триллион 178 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Жумладан, 83 та ижтимоий соҳа объекти учун 486,6 миллиард сўм, 10 та ичимлик суви ва канализация объектлари бўйича 60,6 миллиард сўм, 70 километр автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ҳамда 2 та кўприк ва йўл ўтказгич қуриш учун 167,9 миллиард сўм ажратилади.
Давлат дастурига қўшимча амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида 2022 йилда бажарилиши лозим бўлган 459 та объект аниқланиб, улар учун 5 триллион 387 миллиард сўм маблағ сарфланади. Хусусан, 59 та объект маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2022 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 10,9 триллион сўм маблағ ўзлаштириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 73 мингдан зиёд иш ўринлари яратилади.