Қуръони каримнинг энг кичик нусхаларидан бири Самарқанд музейида сақланяпти

Дунёдаги энг катта Қуръон китобларидан бири Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи экспозицияларида намойиш этиб келинаётгани кўпчиликка маълум. Аммо энг кичик ҳажмдаги Қуръон китоби нусхаларидан бири ҳам Самарқанд музейида сақланаётганини билармидингиз?

Муқаддас китобимизнинг энг катта ва энг кичик ҳажмдаги нусхалари мавжуд бўлиб, улар дунёнинг турли давлатларида сақланади. Дунёдаги энг катта ҳажмдаги Қуръон китобларидан бири 1854-1855 йилларда Бухоро ҳукмдори Амир Насруллоҳ буйруғи билан самарқандлик котиб Мулло Ҳасан Самарқандий томонидан сулс хатида Самарқанд қоғозига кўчирилган. Бу нусха 1939 йилда Самарқанд вилоят музейига топширилган.

Қуръони каримнинг энг кичик ноёб нусхаси эса 1943 йилда музей фондидан ўрин олган. Қўлёзмалар фондидаги китоб XIX асрда араб тилида настаълиқ хатида, тошбосма усулида чоп этилган. Ҳажм жиҳатидан жуда кичиклиги сабабли китобни фақат лупа ёрдамида ўқиш мумкин. Ушбу китобнинг катталиги 2,9х2,1 сантиметр ўлчамда.

Самарқанд музей-қўриқхонаси экспозицияларида намойиш этиб келинаётган Қуръон китобининг мазкур нусхаси ноёблиги ва кичиклиги инобатга олинган ҳолда металдан ясалган жилдда сақланади. Дастлаб китобнинг силлиқ юзасидаги ҳарфларга тилла суви югуртирилган ва ундаги бу каби безатилиш ишлари сезиларли даражада кўзга ташланиб турган. Вақт ўтиб, тилла суви ўчиб, бугунги кунга келиб, деярли билинмайди. Китоб солинган металл жилд марказида бинафшаранг катта кўзи бор, атрофларида эса 4 та пушти ранг кўздан иборат безаклар билан безатилган. Китобнинг металл жилди қозон татар усталари томонидан ясалган.

Китоб саҳифаларидаги ёзувлар катта шаклдаги Қуръон китобларидаги ёзувлар билан бир хил. Китобнинг кичик ҳажмдаги нусхаси мутахассислар томонидан текширилиб, кўриб чиқилган ва улар ҳақиқий Қуръон китоби сифатида эътироф этилган.

Навбаҳор Далиева,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси катта илмий ходими.