Реактив двигателдан баландроқ увиллайдиган тоғ

Тасаввур қилинг-а, чўққида турибсизу, шамол сизни оёғингиздан йиқитади, унинг шовқини эса ҳар қандай ҳайқириқларни босади. Ҳарорат -40 даражага тушади, қор кристаллари одам терисини шиша каби кесишга қодир.

Бу ҳалокат фильмидаги саҳна эмас, балки шамол тезлиги соатига 230 мил (372 км) қайд этилган АҚШнинг Вашингтон тоғидаги оддий бир кун.

Торнадодан тезроқ ва реактив двигателдан баландроқ

Атиги 1917 метр баландликдаги Вашингтон тоғи “сайёрадаги энг экстремал об-ҳаво”си билан жаҳон рекордини ушлаб туради. Бу ерда шамоллар атмосфера жабҳаларининг тўқнашуви натижасида ҳосил бўлади: совуқ Арктика ҳавоси иссиқ Атлантика оқимлари билан учрашиб, бўронлар воронкасини яратади.

Қишда шамол металл таянчларни йиртиб ташлайди, антенналарни бузади, муз эса бир неча метр чуқурликдаги биноларни қоплаб, уларни муз ҳайкалларига айлантиради.

Нега бу рекорд хавфли? Шамол тезлиги соатига 120 километр (75 миля)дан юқори бўлса, одамнинг оёқда тура олиши амримаҳол. Вашингтон тоғида шамол икки баробар кучлироқ. Ҳатто тажрибали метеорологлар ташқарига чиқаётганида кабеллар билан биноларга кишанлаб боғланади. Чунки бу ерда шамол чорқирра ёғоч бўлагини кўтариб, пўлат плитани ўқ каби тешиб ўтгани қайд этилган ҳолатлар ҳам бўлган.

Қизиғи, тоғ жонсиз эмас. Чўққида бир неча ўн йиллар давомида бункерга ўхшаш расадхона фаолият юритиб келади. Олимлар табиий муҳит ҳисоб-китобларини қилган ҳолда у ерда бир неча ҳафталаб изоляцияда яшашади. Уларнинг асбоблари қишда ҳарорат ва шамол -75 даража совуқлик ҳиссини яратишини кўрсатади. Бу ташқарига ҳимоя костюмисиз чиққан кишининг очиқ юзи ёки қўллари бир дақиқада музлаб қолишини англатади.

Лекин бу музли тоғнинг биз билан қандай алоқаси бор?

Вашингтондан олинган маълумотлар авиация ва юк ташиш учун об-ҳаво прогнозларини яхшилашга ёрдам беради. Бу ерда қутб станциялари ва космик миссиялар учун материаллар ҳам синовдан ўтказилади. Агар технология бу ерда омон қола олса, демак у Марсда ҳам омон қолади.

Асосий парадокс шундаки, тоғ ёзда ўзгаради. Сайёҳлар қишда бу жой дўзахга ўхшаб кетишига ишонмай, гуллаб-яшнаган ўтлоқлар орасидаги йўллар бўйлаб сайр қилишади.
Сентябрь ойи келиши билан осмон қоронғулашади ва бу ерда тинчлик вақтинчалик иноят эканлиги ҳақида огоҳлантириб, шамол ўзининг азалий қўшиғини бошлайди.

Замонавий технологиялар - изоляцияланган станциялар, сунъий йўлдош алоқалари хавфни камайтиради, бироқ улар табиий офатларни енгишга қодир эмас. Ҳозирда ҳам тоғ омон қолиш чегараларини ўрганувчилар учун жумбоқ бўлиб қолмоқда. Унинг рекорди табиат ҳар доим бизнинг ҳою-ҳавасларимиздан кучлироқ эканлигини, ҳатто технология асрида ҳам инсон шунчаки меҳмон бўладиган жойлар мавжудлигини эслатиб туради.

Тирик қолиш учун эса асло курашмаслик, балки бўйсуниш керак – қалинроқ кийиниб олиб, табиий офатлар тинчланиши кутиш лозим.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.