Ректор минбари: "Талабаларимизнинг ижтимоий ҳимояси ҳам эътиборимизда"
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифа ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ.
13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди.
Жумладан, Президент камбағал оила фарзандларининг ўқиб, ҳаётини ўнглаши учун қўшимча имкониятлар яратилиши, хусусан, 118 минг ёшлар чет тили, ахборот технологиялари ва касб-ҳунарга ўқитилиши, бу тўгараклар харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланишини ва 2025 йилда 3,5 минг нафар шундай фарзандлар олий таълимга грант асосида қабул қилиниши, олийгоҳ ректорлари ҳам камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистонда ижтимоий соҳага жамият эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Шу мақсадда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам 69 нафар ногиронлиги бўлган, 12 нафар чин етим, 64 нафар отаси ёки онаси йўқ талабалар, 9 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, 18 нафар Ёшлар дафтари турадиган талабаларнинг сифатли таълим олиши ва яшаш шароитлари доимий назоратга олинган.
Шунингдек, “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-37-сон Фармони ижроси юзасидан университетга бириктирилган Самарқанд шаҳридаги “Қорасув”, “Темирйўлчилар”, “Қўрғонча”, “Оқсарой”, “Ипак йўли”, “Боғистон”, “Бирлик” ҳамда “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 29 нафар “оғир” тоифадаги ёшлар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ёшлар билан университет ва маҳаллаларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, уларнинг орзу-истаклари, режалари билан билан яқиндан танишилди, устачилик анжомлари ва тикув машиналари олиб берилиб, ҳаётда ўз йўлини топишларида амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Айтиш жоизки, бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишларнинг янги босқичга чиққанидан далолатдир.
Шунингдек, йиғилишда ногиронликнинг сабаблари, уларга ёрдам бериш масалалари таҳлил қилинди. 33 та туманда ногиронлиги борларни реабилитация қилиш қамрови жуда камлиги кўрсатиб ўтилиб, ҳар бир вилоят ва туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилиши белгиланди. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади. 7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади. Республика реабилитация марказига Корея ва Япониядан экспертлар олиб келиниб, мутахассислар малакаси оширилади, - деди Президент.
Муҳтарам Президентимизнинг олдимизга қўйган вазифалардан келиб чиқиб, университетда камбағал оила фарзандларининг ўқиб, ҳаётини ўнглаши, уларнинг чет тили, ахборот технологиялари ва касб сирларини пухта эгаллашлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, тўгараклар фаолиятини янада жонлантириш бўйича чоралар кўрилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.
Худайназар Юнусов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,
чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор.