Рўзага оид саволларга жавоб

Савол: касал ва мусофир Рамазон ойида рўза тута олмаса-да, ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши керакми?
Жавоб: Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар ошкора эмас, балки одамлардан холироқ жойда таомланишлари афзал.
Савол: рўзадор одам иситмалаб қолса, укол қилиш натижасида рўзаси очиладими?
Жавоб: ҳапдори (таблетка) қабул қилиш билан рўза очилади, ёнбошга ёки мушакка укол қилинса очилмайди. Рўзани очувчи нарсалар одатий йўллардан кирадиган нарсалардир (одатий йўллар оғиз, бурун, қулоқ, ва олд-орқа жинсий аъзолардир. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди).
Савол: сурма қўйиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолатларида сурма қўйганлар. Сурмани кўп қўйиш натижасида ҳалқумида сурманинг таъмини сезса ҳам рўза очилмайди.
Савол: ошқозон касаллиги билан оғриган рўзадор бемор зонд ютса бўладими?
Жавоб: зонд қуруқ ҳолатда ютилса ва қайтариб чиқариб олинса, рўза очилмайди. Агар бирор таомни ипга боғлаб, ютса ва ипнинг бир учи қўлида қолса, яъни қайтариб чиқариб олиш мумкин бўлса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
“Мўминнинг қалқони” китобидан.