Салкам 3 йилда қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қимматбаҳо металлар қазиб олиш чоғида вафот этган
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан республика Тоғ-кон саноати ва геология, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди.
Шунингдек, Қўмита томонидан мазкур соҳада ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.
Олиб борилган ўрганишлар, аҳоли билан бевосита мулоқотлар, қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили соҳада қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, олтин ва қимматбаҳо металларни қонуний қазиб олишнинг афзалликлари юзасидан ваколатли органлар томонидан тарғибот ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида аҳоли томонидан очиқ майдонларда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда.
2020 йилда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан 34 та маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 463 тани, 2022 йилда эса қарийб 1500 тани ташкил қилган.
Очиқ майдонларда қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида 2021–2022 ва 2023 йилнинг 10 ойида қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қум ва тош босиб қолиб, ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, очиқ майдонларда ноқонуний олтин қазиб олиш жараёнларига вояга етмаганларни ҳам жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.
Шу билан бирга, таркибида олтин ва қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 702-моддаси билан қўлланиладиган жарима миқдори кам белгиланганлиги ҳам мазкур йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатларининг айни бир шахслар томонидан такрор содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, бугунги кунда 102 нафар жисмоний шахс томонидан қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш ҳолати такрорий содир этилган.