«Samarkand Half Marathon» хайрия марафони ўтказилади
1 ноябрь куни юртимизда анъанага айланиб бораётган спорт тадбири — «Samarkand Half Marathon» @samarkandhalfmarathon хайрия югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа мамлакатимизда иккинчи маротаба ўтказилади. Бу ҳақда Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Бу йилги ярим марафоннинг асосий мақсади — АСБ (аутизм спектрининг бузилиши)га чалинган инсонлар муаммосига эътиборни қаратиш.
Бундай мавзуларни четга суриб қўймайдиган ва аутизм муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этадиган лойиҳалар мавжудлиги жуда яхши. Ярим марафон сайтида югуриш мусобақаси тўғрисидаги маълумотлардан ташқари, инклюзив муҳитни яратиш бўйича жаҳон мутахассисларининг маърузалари ва маҳорат дарслари бўйича катта ўқув блоки жойлаштирилади. Бу аутизмга чалинган болаларнинг ота-оналари ва аҳолининг АСБ ҳақида билимини оширади.
Исталган мамлакат фуқароси хайрия тадбирини қўллаб-қувватлаши ва Samarkand Half Marathon лойиҳасида иштирок этиши мумкин. Бу йил ярим марафон виртуал форматда ўтказилади: ҳар бир иштирокчи жой, вақт ва ҳатто масофани ўзи танлайди. Таъкидлаб ўтишим жоиз, ушбу ярим марафондан тушган барча маблағлар Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг бирида АСБга чалинган болалар учун бадиий студияни ташкил этишга сарфланади.
Келинглар, "Samarkand Half Marathon"ни қўллаб-қувватлаймиз. Имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш уларга келажакда янада мазмунли ҳаёт кечиришига ёрдам беради. Ярим марафон ташкилотчиларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Улар бизга мана шундай хайрия тадбирлари уюштириш кераклигини ва бу орқали барчамизни ягона эзгу мақсад — ҳақиқатан ҳам муҳтожларга ёрдам бериш йўлида бирлашишимиз мумкинлигини кўрсатиб берди.