Самарқанд давлат университети ўқув бинолари дезинфекция қилиняпти
Самарқанд давлат университетида барча ўқув бинолари ва талабалар турар-жойларида коронавирусга қарши дизенфекция ишлари бажарилмоқда.
- “Самарқанд шаҳар дезинфекция” МЧЖ ходимлари университетнинг мавжуд олтита ётоқхонаси, ҳар иккала ректорат биносини сифатли дезинфекция қилди, - дейди МЧЖ раҳбари Шерзод Эргашев. – Аслида бу амалий ишга бир ҳафта олдин киришилган эди. Биз ишни икки сменада ташкил этиб, саноқли кунларда якунлаймиз. Сўнгра бошқа олий таълим муассасалари ва мактабларда ишни давом эттирамиз. Керак бўлса, ҳар бир оилани дезинфекция қилиш имкониятимиз бор. Муҳими, ваҳимага тушмаслик керак.
- Мен коронавирусдан тез орада қутилишимизга ишонаман, - дейди университетнинг хорижий ўқитувчилар ва талабалар ётоқхонасида истиқомат қилаётган ҳиндистонлик, СамДУ инглиз тили кафедраси мудири, профессор Равиндр Гаргеш. - Ҳар бир иншоот, бино, турар-жойда дезинфекция ишлари олиб бориляпти. Ташвишланишга, саросимага тушишга ҳожат йуқ.
Бугуннинг ўзида университетнинг салкам 2 минг ўринли олтита ётоқхонаси ва 2 та факультети ўқув биноларида вирусга қарши ҳимояланиш кимёвий ишлари бажарилди.
Вилоятимизнинг барча ҳудудларида бундай амалий ишлар уюшқоқлик ва ҳамжиҳатликда олиб борилади.
Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.