Самарқанд гарнизонидаги мактабларда ҳарбий ватанпарварлик хоналари ташкил этилмоқда (фото, видео)
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бошқармаси томонидан вилоятдаги 1214 та мактабда ҳарбий ватанпарварлик ва ўқув қуролларини сақлаш учун махсус хоналар ташкил этилмоқда.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизматининг хабар беришича, эндиликда эскича қолип ва ёндашувлардан бутунлай воз кечилиб, мактабларда ёшларни чақирувга қадар тайёрлаш фани хонаси махсус воситалар билан жиҳозланди. Бундан бир неча йил олдин мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мактабларда 10, 11-синфлар тугатилиши билан ўқув қуроллари ва ҳарбий аслаҳалар макетлари ҳамда қуроллардан ўқ отиш хоналари йиғиштириб олинганди.
Кейинги икки йилда “Халқ ва армия якдил” деган шиор ўз маъносида ишлатила бошланди. Ҳарбий техникалар паради ўтказилди, армия куч-қудрати намойиш этилиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сонли қарорига мувофиқ, мактабларда махсус ҳарбий ватанпарварлик хоналари ташкил этилиб, 90 турдаги ўқув кўргазмали ҳарбий қурол ва аслаҳалар билан таъминланадиган бўлди.
Бунгача мактабларда чақирувга қадар тайёрлаш фанлари учун 10-синф ўқувчиларига 68 соат ва 11-синфларга 51 соат вақт ажратилиб, дарслар кўргазмали воситаларсиз назарий ташкил этилар, якунда эса 3 кунлик дала йиғини ўтказилиши кўзда тутилган бўлса-да, ташкил этилмасди. Эндиликда мазкур жараён Мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимлари томонидан назорат қилинади.
Шунингдек, айни пайтда вилоятдаги мактабларда Ватан ҳимояси йўлида жон фидо этган ўғлонларга бағишланган жасорат ойнаси ташкил этилмоқда.