Самарқанд жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
Келгуси йил ёнғин-қутқарув спорти бўйича эркаклар ўртасидаги XVII, аёллар ўртасидаги VIII жаҳон чемпионатлари Самарқандда ўтказилади.
Шу муносабат билан пойтахтимизда Халқаро ёнғин ўчирувчилар-қутқарувчилар спорти федерацияси мутасаддилари ҳамда аъзо давлатлар вакиллари иштирокида халқаро конференция ўтказилмоқда.
Кеча халқаро конференция иштирокчилари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев кутиб олди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мажмуаси ва бошқа бир қатор азиз қадамжоларда бўлишди.
- Ёнғин-қутқарув спорти бу шунчаки спорт эмас, бу ерда инсон ҳаёти турибди, - дейди Халқаро ёнғин ўчирувчилар-қутқарувчилар федерацияси ижрочи директори Андрей Калинин. - Конференцияда ёнғин-қутқарув спортини ривожлантириш, фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган техника ва технологиялар ҳамда келгуси йили Ўзбекистонда ўтказилиши кўзда тутилган жаҳон чемпионатларини ташкилий ишлари ҳамда бошқа соҳага оид масалалар муҳокама этилмоқда. Самарқандга ташрифимиз ҳам бежиз эмас, аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Самарқандда ўтказиш режалаштирилган. Ташриф давомида бу ердаги шароитларни ўрганиш баробарида боқий шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишдик. Дунё нигоҳидаги шаҳар ҳақиқатан бетакрор. Ўйлайманки, мусобақаларимиз бу юртда эсда қоларли ўтади.