Самарқанд шаҳрида ерости йўли қайта очилди, Навоий номли кўча кўркамлашяпти
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий кўчаси замонавий кўринишга келтирилмоқда. 1800 метр узунликдаги масофада ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шу кўчада жойлашган “Шарқ юлдузи” кинотеатри, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари ҳам таъмирдан чиқариляпти. 1000 метр масофада яшил майдон барпо этилиб, 900 метрлик пиёдалар йўлаги ётқизилмоқда. Барча алоқа коммуникация, электр, табиий газ, ичимлик суви тармоқлари замонавийларига алмаштирилмоқда. Кўчада замонавий чойхона, кўчма савдо дўконлари ташкил этилади. Ҳудудга 100 та ўриндиқ ва 1200 та тунги ёриткич чироқлари ўрнатилади. Шунингдек, мусиқали фаввора ҳам қурилиши белгиланган.
Бунёдкорлик ишлари давомида эски ерости йўли қайта очилиб, пиёдалар ҳаракатланиши учун қулайлик яратилди.
- Биз вилоят ҳокимлигига Алишер Навоий ва Амир Темур кўчалари кесишмасидаги ерости йўлини қайта очиш таклифи билан чиқдик, - дейди бунёдкорлик ишларини олиб бораётган қурилиш ташкилоти иш юритувчиси Ўктам Мавлонов. – Ташаббусимиз қўллаб-қуватланди ва ишлар бошланди. Бу ерости йўли реконструкция қилинди, йўлакда замонавий ҳожатхона бунёд этилди.
Кўчага туташ майдонда замонавий амфитеатр ҳам барпо этилмоқда. Бунёдкорлик ишлари икки ой ичида якунига етказилиб, янги қиёфадаги кўча Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Дилмурод Тўхтаев,
Бахтиёр Мустанов.