Самарқанд туғруқхоналарига яна 566 та ўрин ажратилади
Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик бўйича ўринбосари Жамшид Жиянов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
- Туғруқхоналарда жой ўринлари муаммо эканлиги аллақачон тизим ходимлари ўйлантириб келаётган муаммо бўлиб, унинг кўринишлари ижтимоий тармоқларда ҳам ўз аксини топган эди, - дейди Жамшид Жиянов журналистларга соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақда маълумот берар экан. – 2027 йилгача вилоят туғруқхоналарига босқичма-босқич 566 та ўрин ажратилиши белгиланди. Бугунги кунда вилоятда вилоят скрининг маркази, репродуктив саломатлик ҳамда перинатал марказ бирлаштирилган ҳолда Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббий маркази вилоят филиали сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда оналар ва гўдаклар саломатлигига комплекс тарзда ёндашув бўлиб, барча шароит битта манзилнинг ўзида амалга оширилиши аёлларга қулайликни кўзда тутади. Жорий этилган мазкур тизим шартига кўра, келгусида ушбу филиалда қўшимча бинолар қурилиб, шароит янада яхшиланишига эришилади. Шунингдек, тўртта туманда минтақавий перинатал марказлар ташкил этилди.
Туғруқхоналарда бепул хизмат кўрсатилади, деган фикр қачон реал ҳақиқатга айланади? Кўпинча Самарқанд шаҳридаги туғруқхоналар бу масала билан мурожаат этганимизда улар беморлар сони белгиланган лимитдан ошиб кетиши, натижада ажратилган дори воситалари барча даволанаётганларга етмаслиги таъкидланади. Матбуот анжуманида шу йилдан бошлаб тиббиёт муассасаларида жорий этилаётган тиббий суғурта тизими мазкур муаммога ечим бўлиши айтилди. Тизим тўлиқ амалиётга татбиқ этилгач, лимит тугади, деган баҳонага ўрин қолмайди, деб умид қиламиз.