Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 22 та жой номлари қонун талабларига зид эканлиги аниқланди

Жорий йилнинг 26 декабрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Нарпай, Нуробод, Жомбой ва Ургут туманлари географик объектларни номлаш ва қайта номлаш комиссиялари томонидан кўчалар номларини ўзгартириш бўйича таклифлари Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрдаги “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонуни 4-моддаси талаблари асосида кўриб чиқилди.

Қонуннинг 4-моддасига асосан географик объектларнинг номларига доир талаблар қуйидагича белгиланган:

1) географик объектга энг хос бўлган белгиларни акс эттириши;

2) мазкур географик объект жойлашган ердаги географик объектлар номларининг мавжуд тизимига мос тушиши;

3) маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш;

4) қоида тариқасида, кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши;

5) кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбоблар исми-шарифини беришга, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди, Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар бундан мустасно.

Нарпай туманида 950 та кўча, Нуробод туманида 1 та аҳоли пункти ҳамда 99 та кўча, Жомбой туманида 225 кўча, Ургут туманида 174 та қабристон номлари вилоят комиссияси томонидан қонунда белгиланган тартибда атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида 22 та ном қонун талабларига зид эканлиги аниқланиб, уларнинг ўрнига шу ҳудуд миллийлигини, урф-одати, этник келиб чиқишини акс эттирувчи номларни бериш кераклиги айтиб ўтилди ва йиғилиш сўнггида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шерали ТЕМИРОВ,

вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, комиссия раиси ўринбосари.