Самарқандда “баклажка”дан ип-калава, ип-калавадан тайёр маҳсулот тайёрланмоқда
Самарқанд шаҳридаги “Tuft and grass” масъулият чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона сунъий чим ва ковролин маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
– Қисқа вақт ичида ички бозорда ўз ўрнимизни топиб, ҳозирда 15 турдан зиёд сунъий чим ва ковролин, полиэстр ип калаваси, бирламчи синтетик асос ва нотўқима мато (иккиламчи ковролин ва сунъий чим асоси) ишлаб чиқаряпмиз, – дейди жамият савдо бўлими масъул ходими Ҳаётхон Ҳасанхонов. – Корхонамизнинг йиллик қуввати 2,5 миллион квадрат метр ёки 26 миллиард сўмлик сунъий чим ва ковролин маҳсулотларини ташкил этади.
Ишлаб чиқаришда Англия, Белгия, Швейцария, Хитой, Германия ва Туркия давлатларидан келтирилган янги технологияли замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда. Жумладан, SSM ускунаси дунёда саноқли ҳисобланади. Бу уксуна ёрдамида иккиламчи маҳсулот – елим идишлар (баклажка) қайта ишланиб, ундан полиэстр ип калаваси тайёрланади. Маҳсулотларимизнинг асосий қисми ички бозорда сотилаётган бўлса-да, хориждан ҳам буюртмалар тушмоқда. Жорий йилдан бошлаб ковролин маҳсулотларини кенг миқёсда экспортга чиқариш режалаштирилган.
Айни пайтда корхонада 355 нафар ишчи меҳнат қилаётган бўлса, келгусида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига иш ўринларини ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш кўзда тутилган.