Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришга эътибор кучайди

Кейинги пайтда миллий футболимиз келажагига берилаётган эътибор натижасида ушбу спорт тури ривожланиб бормоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиздаги футбол мактаблари республика тасарруфига ўтказилди ва ушбу муассасаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан барча шароитлар яратилди.

Жумладан, “Динамо” ПФК тасарруфидаги Чархин футбол мактаби номи Самарқанд футбол мактаби дея ўзгартирилди. Кимёгарлар шаҳарчасидаги стадион ҳам энди мазкур мактаб тасарруфига ўтказилди. Шунингдек, вилоят футбол мактаби учун иккита стандарт талабга жавоб берадиган 65х100 ўлчамдаги сунъий ва табиий майдон замонавий кўринишга келтирилди.
Айни пайтда муассасамизда 7 ёшдан 18 ёшгача 17 та футбол гуруҳида футболчилар учун зарур шароитлар мавжуд бўлиб, 20 нафарга яқин мураббий ва футбол мутахассислари қўл остида тарбияланмоқда.

5 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам спортни, хусусан, футболни янада оммалаштириш, болалар ва ўсмирлар футболини жаҳон даражасига кўтариш вазифаси қўйилди.

Ушбу топшириқлар ижроси юзасидан Самарқандда футболни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар, келгусидаги режалар белгилаб олинди. Хусусан, ҳудудлардаги иқтидорли спортчилар саралаш ва терма жамоаларга етказиб бериш мақсадида Самарқанд шаҳри, Паст Дарғом, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Булунғур ва Самарқанд туманларидаги мактабларга мураббийлар бириктирилди. Шунингдек, ҳаваскор ва профессионал ёш футболчилар ўртасида вилоят чемпионати, лига баҳслари, туман ва шаҳарлар жамолари мусобақалар ташкил қилиш, иқтидорли ёшларни захира ва асосий таркибга жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шуҳрат САЙФУЛЛАЕВ,
вилоят футбол мактаби директори.