Самарқандда «Damas» ва «Москвич» автоуловлари тўқнашиши оқибатлари ўрганилмоқда
Ижтимоий тармоқларда "Самарқандда «Дамас» ва «Москвич» тўқнашиб, натижада бир-бирини устига чиқиб қолди" сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 6 январь куни соат 18:40 ларда Самарқанд шаҳар, Гулобод кўчасида ҳайдовчи, 1969 йилда туғилган Т.М. бошқарувидаги "ИЖ-2125" ҳамда ҳайдовчи, 1998 йилда туғилган Ш.Х. бошқарувидаги "Damas" русумли транспорт воситалари иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида жароҳат олган "Дамас" русумли автомобиль ҳайдовчисига шифокорлар биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган.
Мазкур йўл-транспорти ҳодисаси юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳодиса сабабларига аниқлик киритилмоқда.
❗️Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга, тезлик меъёрига, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя қилиб, об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳаракатланишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати.