Самарқандда фирибгарлик жинояти кўпайган, ўғирлик ҳам. Нега?

Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаров “Зарафшон” газетаси ва Zarnews.uz мухбирига маълумот берди ва унинг олдини олиш бўйича фикрларини билдирди.

- Шу йилнинг май ойигача бошқармада туну кун фаолият юритувчи «Ситуацион» марказга интеграция қилинган 1400 дан ортиқ видеокузатув камералари, «Хавфсиз шаҳар» концепциясини жорий этиш мақсадида аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган 97 дона (6 донаси юзни аниқловчи ҳамда 91 донаси авто транспорт воситалари рақамини қайд қилувчи) 360 даражада ҳаракатланувчи «ПТЗ» русумли интеллектуал камералар ёрдамида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 108 нафар қидирувдаги шахслар ушланган ҳамда 3 нафар бедарак йўқолган шахс аниқланиб, оила аъзоларига топширилган, - дейди Х.Умаров. - Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 397 нафар (2022 йил 700 та) аёлга «ҳимоя ордери» берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан назорат ўрнатилди. Зўравонликлар 297 нафар эркак, 5 нафар келин, 7 нафар қайнона ҳамда бошқа 80 нафар кимсалар томонидан содир этилган.

Афсуски, 5 та «ҳимоя ордери» такроран берилди, ўрнатилган чекловларга амал қилмасдан, ўзи учун тўғри хулоса чиқармаган 23 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ҳисобот даврида пробация ҳисобида жазони ўтаётган шахсларга 1717 марта турли хил ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 541 нафари ишга жойлаштирилди, 24 нафарининг соғлиғини тиклашига, 30 нафарига фуқаролик паспортини олишида кўмаклашилди, 2 нафари уй-жой билан таъминланди ёки уй-жойи таъмирланди, 19 нафарига турли асбоб-ускуналар, 5 нафарига тикув машиналари берилди ҳамда 1096 нафарига бошқа ёрдамлар кўрсатилди.

Бу каби ишлар натижасида қотиллик 10 фоиз, номусга тегиш 25 фоиз, талончилик 30 фоиз, босқинчилик 66,7 фоиз, авто уловни олиб қочиш 66,7 фоиз, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари 18,6 фоизга  камайди.

Бироқ ҳамкорликда олиб борилган ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги натижасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Жумладан, вилоят ҳудудида умумий жиноятлар 15,7 фоиз, унча оғир бўлмаган жиноятлар 4,17 фоиз, оғир турдаги жиноятлар 45,5 фоиз, ўта оғир турдаги жиноятлар 10 фоизга ошди.

Фуқароларимизнинг шахсий мулкига ва ўзгалар мулкига нисбатан бепарволиги, савдо дўконлари қўриқлаш пультига уланмаганлиги, жамоатчилик назоратининг сустлиги оқибатида ўғирлик жинояти 6,1 фоиз (179-190 та)га кўпайган.

Фуқароларимиз осон йўл билан бойиб кетиш, ўқишга, ишга кириш ёхуд автомашина, уй-жой ва ер сотиб олишда етарлича ҳуқуқий билим ва савияга эга эмаслиги, ҳуқуқий тарғибот ишлари юкланган идора ва ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари томонидан ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам лозим даражада ташкил этилмаётганлиги сабабли фирибгарлик жинояти 38 фоизга ошган.

- Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоят ҳудудида ҳамкорликда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарур тадбирларни амалга ошириш керак, - дея ўз фикрларини билдирди Х.Умаров. - Биринчидан, ҳар бир сектор ҳамда бошқа мутасадди давлат органлари ҳамда ташкилот раҳбарларининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда шахсий масъулиятини ошириш, содир этилган жиноятларни белгиланган талаблар асосида кенг жамоатчилик иштирокида таъсирли муҳокама қилиб, манзилли чора-тадбирларни белгилаб бориш зарур.

Иккинчидан, фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича (пластик карта кодини айтмаслик, ишга жойлашиш, ўқишга кириш ва ер ажратиш ҳамда кредит олишда алданиб қолмаслик) оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда тарғибот тадбирларини кучайтириш лозим.

Учинчидан, пробация назоратида турган шахслар томонидан турли кўнгилсиз ҳолатлар, хусусан, такрорий жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотлар, суд, прокуратура ҳамда сектор раҳбарлари иштирокида уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўриш керак. Бунда «Очиқ мулоқот» тарзида сайёр қабуллар ташкил этиш ижобий самара бериши шубҳасиз.