Самарқандда ҳайвонлар учун клиника ташкил этилади

Улуғбек мактабни битиргач уч бор уриниб, ўзи истаган тиббиёт институти талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлолмади. Шунда бир таниши:

- Келаси йил “Селхоз”нинг ветеринария факультетига имтиҳон топшир, албатта ўқишга кирасан, - деди.

 - Мен қишлоқдаги беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатадиган шифокор бўлишни орзу қилганман, - деди бу таклифни қабул қилолмаслигини билдириб. – Бир неча йилдан бери “мединститут”га кириш учун тайёрланиб, энди мол дўхтири бўлмайманку.

- Кечирасану, халқ орасида нақлга айланган бир гап бор: “Шифокор инсонни даволайди, ветеринар инсониятни!”

Улуғбек бу гапнинг маъносини чуқур англаб етмади. Яна ўзи истаганига ҳужжат топширишга қарор қилди. Лекин унинг бахтига бошқа институт факультетларини ҳам танлаш имконияти яратилди. Улар орасида таниши таклиф қилган ветеринария факультети ҳам бор эди ва имтиҳон натижаларига кўра унга айнан шу факультет талабаси бўлиш насиб қилди.

Олий таълим муассасасида ўқиш давомида ўзи истамаган ҳолда бўлса-да шу йўналишни танлагани учун афсусланмаслигига амин бўлди. Сабаби, бу ерда талабалар учун яратилган шароитлар, малакали профессор-ўқитувчиларнинг кўнгилдагидек таълим бериш жараёнлари, хорижий давлатларда малака ошириб келиш имкониятлари мавжудлиги эди. Бу таълим муассасасида зарур билимни эгаллаб, бемор инсонларнинг дардига шифо топишдан ҳам кўра хайрли, яъни ҳайвонларни даволаб, одамларда учрайдиган турли касалликларнинг олдини олишга муносиб ҳиссасини қўшишга аҳд қилди.

Бир пайтлар Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти бўлган олий таълим муассасаси ветеринария медицинаси институтига айлантирилди. Яқинда эса бу муассаса Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети бўлди.

Мазкур университетда ўтказилган пресс-тур давомида журналистлар ва блогерлар бу ерда таълим жараёни учун яратилган шароитлар, янги ташкил этилган лабораториялар, музейлар фаолияти билан танишди.

Институт университетга айлантирилгандан сўнг амалга оширилган ишлар, янгиликлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.

- Бир пайтлар бу таълим муассасасининг мавқеи ҳаминқадар бўлган, - дейди университет ректори, профессор Х.Юнусов. – Аммо бугун бошқача. Ўша “бир пайтлар”да ўзи истамаган ҳолда ўқишга кирган ёшларимиз бугун бу олий ўқув юртининг талабаси эканлигидан фахрланяпти. Турли хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Авваллари хориж тажрибасини ўрганиш учун фақат ректор ёки проректорлар борган бўлса, бугунги кунда ёш иқтидорли ўқитувчилар, шунингдек, талабалар ҳам юборилмоқда. Келгусида олдимизга қўйган мақсадлардан бири, университет тасарруфида клиника ташкил қилиш. Бу ерда касалланган уй ҳайвонлари даволанади. Клиникага келтирилган ҳайвонларга малакали ветеринария хизмати кўрсатиш билан бирга яқин ҳудудлардан келиб тушган мурожаатлар асосида тез ёрдам хизмати ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган. Кейинчалик эса бундай клиника тез ёрдам хизматлари туманларда ҳам ташкил этилади.

Тўлқин СИДДИҚОВ.