Самарқандда март ойида 17 нафар аёл қамоқдан қайтди. Уларнинг бугунги ҳаёти қандай?

Уларнинг бирови билиб, бирови билмай, яна бири жаҳл устида жиноятга қўл урди. Бунинг учун тегишли жазога тортилди. Хатосини англаб, нотўғри йўл тутгани учун чин дилдан пушаймон бўлганлари муддатидан олдин ҳам озодликка чиқди. Жумладан, шу йилнинг март ойида ана шундай бир гуруҳ хотин-қизлар ўз уйига қайтди. Улар орасида самарқандлик хотин-қизлар ҳам бор.

-  Жорий йилнинг март ойида Самарқанд вилояти бўйича 17 нафар хотин-қиз жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйига қайтди. Уларнинг келгуси ҳаётини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, жамиятга мослашиши учун белгиланган амалий ишлар амалга оширилди, - дейди Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Раъно Қиличева. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 4 февралда қабул қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан, қолаверса, муддатини ўтиб келган бу хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Бир нафари пенсия ёшида бўлганлиги, 3 нафарининг ёш болалари борлиги туфайли ишлаш имкони йўқлигини билдирди.

Хусусан, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган нарпайлик уч нафар аёлларга тикув машинкалари берилди.

- Ўша ёқда 4,5 йил бўлиб қайтдим, - дейди Нарпай тумани Тинчлик маҳалласида яшовчи Феруза Исматова. – Президентимизнинг бизни афв этиши туфайли бугун оилам даврасида, уйимдаман. Тўғриси, келган кунимданоқ маҳалла, ҳокимият, ички ишлар бўлимидан вакиллар келиб ҳолимни сўрашди. Муаммоларим билан қизиқиб, тўғри йўл кўрсатганлари, ёрдам берганларидан тўлқинланиб кетдим. Қамоқхонада асосан тикувчилик билан шуғулланардик. У ерда бу ишни яхши ўргандим. Шунинг учун ҳокимликдан менга тикув машинкаси берса у бу нарсалар тикиб, сотувга қўймоқчи эдим. Айни пайтда карантин туфайли бу ишлар бироз ортга сурилди. Ҳозир ҳам ҳолимни сўраб, озиқ-овқат маҳсулотлари бериб кетишди. Энди фақат ҳалол меҳнат қилиб, яхши оила бекаси бўлишга интиламан.

Гулруҳ МЎМИНОВА.