Самарқандда ўтказилаётган анжуманларда Самарқанд давлат чет тиллар институти волонтёрларининг ўрни бор
Бугунги глобаллашув даврида халқаро мулоқот, маданий алмашинув ва таълим интеграцияси юртимиз учун муҳим стратегик йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, йирик халқаро тадбир— ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг юртимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этди дейиш мумкин.
Қувонарли жиҳати, мазкур нуфузли тадбирда Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчи ва талабаларидан ташкил топган гид-таржимон волонтёрлар жамоаси фаол иштирок этиб, ўз касбий маҳоратлари билан халқаро меҳмонлар эътирофига сазовор бўлди.
Мазкур сессияда Самарқанд давлат чет тиллар институти волонтёрлари меҳмонларни кутиб олиш, таржима қилиш, гидлик ва ахборот-таъминоти бўйича фаолият юритди. Албатта, мазкур жараёнлар СамДЧТИ волонтёрлари зиммасига катта масъулият юклади. Улар Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигини, маданиятини ва замонавий таълим салоҳиятини амалда намоён этди, десак муболаға бўлмайди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 30-31 октябр кунлари Самарқандда ўтказилган "5-Ўзбекистон–Япония ректорлар Форуми" ҳам халқаро таълим ҳамкорлигининг янги саҳифасини очиб берди. Тадбирда икки мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этиб, илмий алмашинув, талабалар мобиллиги, ҳамкорликдаги илмий лойиҳалар бўйича муҳим келишувларни амалга оширдилар. Ушбу форумда ҳам СамДЧТИ волонтёрлари фаол қатнашди. Институт ўқитувчи ва талабалари ушбу жараёнда маданиятлар кўпригини яратиб, ўзининг илмга садоқатли, ташаббускор ва фидойи жамоа эканини исботладилар. Қолаверса, 26 ноябидан 4 декабрга қадар давом этган “Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон ва ўсимлик турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисида”ги Конвенция Томонлар конференциясининг 20-сессияси тадбирларида ҳам институт волонтёрлари фаол иштирок этиб, анжуманнинг юқори савияда ўтишига муносиб ҳисса қўшдилар.
Талаба-ёшларнинг мана шундай нуфузли анжуманлардаги фаол иштироки ўсиб келаётган ёш авлод учун ҳақиқий ибрат намунасидир, чунки ўз касбини севиш, Ватанга хизмат қилиш ва халқаро майдонда Ўзбекистон номини шараф билан танитиш йўлида қўйилган дадил қадамлар ёшларимизни ҳам ана шундай улуғ марралар сари илдам боришга ундайди.
Достон Жўрамуродов,
СамДЧТИ катта ўқитувчиси.