Самарқандда ўзини тадбиркор ва блогерман деб ИИБ ходимларининг хизматига халал берган шахс 15 суткага қамалди

2020 йилнинг 15 апрель куни соат 10.00 лар атрофида Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Маҳмуд Кошғарий кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳамда соҳавий хизмат вакиллари томонидан 30 D 409 РА  давлат рақам белгили, “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб ҳужжатлар сўралганда, ҳайдовчининг ёнида ўтирган йўловчи тўғридан-тўғри ўзига тегишли бўлган қўл телефонида “Мен фалон жойда директорман, блогерман” деб ЙПХ ходимининг хизмат вазифасини олиб боришга халақит берган.

Шунинг баробарида у автомашинадан тушиб, қўл телефони орқали тасвирга тушириб, “ҳали керакли жойда жавоб берасанлар, мен сенлар билан судда гаплашаман” деб уларга дағ-даға қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан карантин қоидаларини бузган транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди.

Ходимларнинг хизмат вазифасини бажаришга фаол қаршилик кўрсатган ва Давлат хизматчиларини тасвирга тушириб, ҳақорат қилган ҳайдовчининг ёнидаги фуқарога нисбатан барча ҳужжатлар тўпланиб, Самарқанд шаҳар маъмурий судига жўнатилган.

Ўзини “блогерман” деб таништирган ушбу шахсга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси 1-қисми, 195-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.