Самарқандда Россия институти билан ҳамкорликда сув ўтлари лаборатория шароитида етиштирилади
Россия Фанлар академияси Ўсимликлар физиологияси илмий-тадқиқот институтининг сув ўсимликлари систематикаси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори, профессор Максим Куликовский Самарқанд ветеринария медицинаси институтида семинар-тренинг ўтказди.
“Молекуляр биология, биотехнология соҳасида қўлга киритилган ютуқлар ва ечимини кутаётган муаммолар” мавзусидаги семинар-тренингда институтнинг биотехнология ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда ушбу таълим йўналишида таҳсил олувчи талабалар иштирок этишди.
Россия Федерациясидаги мазкур илмий-тадқиқот институти билан СамВМИ биотехнология кафедраси ўртасида илмий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.
Унга кўра, балиқчилик соҳасини ривожлантиришда тўйимли озуқа ҳисобланган махсус сув ўтларини лаборатория шароитида, биотехнологик усуллар ёрдамида кўпайтириш тажрибаси йўлга қўйилади.
СамВМИ ахборот хизмати.